Фарғонада Қувасой шаҳрида яшаган 25 яшар Мирзоҳид Йўлдошев маҳаллий ички ишлар бўлимида сўроқ қилинганидан сўнг орқа умуртқаси ва тос қисми синиб, касалхонага етказилганидан сўнг оламдан ўтди, дея хабар беради “Озодлик” марҳумнинг қариндошлари ҳамда касалхонадаги ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларидаги манбаларга таянган ҳолда.
Қувасой шаҳар ИИБ бошлиғи Элëр Ғаниевнинг буйруғига билан ўғриликда гумонланган 25 ёшли Мирзоҳид Йўлдошев 4 май куни учун ИИБ биносига олиб келинган ва бир кеча кундуз давомида ушлаб турилиб, қийноқларга солинган.
Исмини айтмай Озодликка маълумот беришга рози бўлган Қувасой шаҳар ИИБнинг воқеадан хабардор ходими маълум қилишича, жиноят қидирув бўлими ходимлари унинг оëқларига ва қорнига тепишган, сўнг кўтариб цемент полга ташлашган. Оқибатда Йўлдошевни орқа умуртқаси ва тос қисми синган. Бу ташҳисни 5 майга ўтар кечаси ИИБга чақирилган тез ёрдам докторлари қўйган.
Эртаси 5 май куни ИИБ ходимлари майиб бўлган Йўлдошевни уйига олиб бориб ташлаб келишади ва қариндошлари уни ўша куниёқ Республика Шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Фарғона вилояти филиалига ётқизишган.
Манбанинг таъкидлашича, Қувасой ИИБ жиноят қидирув бўлими бошлиғи Акмал Қўчқоров ва ИИБ бошлиғи Элëр Ғаниев докторларга босим қилиб ташхисни йиртиб ташлашни сўрашган. “Докторларнинг ИИБга киргани видеокамерада акс этган. Шу боис улар Йўлдошевни кўнгли беҳузур бўлиб тоби қочган дея ëзиб беришди”, — дейди манба.
Маҳбус оламдан ўтган Фарғона вилоят касалхонаси врачи Йўлдошевнинг ўлимини тасдиқлади, аммо ўлим сабабларини тиббиëт сири дея айтмади.
Йўлдошев касалхонага ëтқизилган 5 май куннинг ўзида унинг яқинлари Фарғона вилоят прокурори Улуғбек Қосимов номига ариза ëзиб, Йўлдошевга нисбатан қийноқ қўллаган ИИБ ходимлари жазоланишини талаб қилишган.
Прокуратура шикоятни ўрганиб чиқишга ваъда қилган, бироқ ариза берилганидан бери беш кун ўтса ҳам ҳеч кимга чора кўрилмаган ва қийноқ қўллаган ИИБ ходимлари бемалол ишга келиб-кетиб юришибди. Марҳумнинг яқинлари ИИБ бошлиғи Элëр Ғаниев вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниевнинг жияни, яъни акаси Улуғбек Ғаниевнинг ўғли бўлгани учун ИИБ ички хавфсизлик тизими бу воқеани тафтиш қилишга шошмаяпти, дея ишончлари комил. Шунга қарамай, ИИБ ички хавфсизлик бўлими ходими Муроджон Қундузов юз берган нохуш ҳодиса юзасидан хизмат текшируви олиб борилаëтганлигини маълум қилди. Дастлабки фаразларга кўра, Йўлдошевни Фурқат исмли тезкор ходим калтаклаган.
Ўзбекистонда суд ва ички ишлар тизимидаги ислоҳотларга қарамай, қийноқлар муаммосига ҳанузгача чек қўйилмаган. Ҳуқуқ ҳимоячиларга кўра, бунинг сабаби – қонунчиликдаги ўзгаришлар амалиётга татбиқ этилмаётганидадир.