Тошкент вилоятида 91 нафар Beeline ходимлари COVID-19 инфекциясини юқтириб олишида гумон билан карантинга жойлаштирилди

Repost.uz сайти фотосурати

Тошкент вилоятида “Билайн” компаниясининг 91 нафар ишчиси COVID-19 инфекциясини юқтириб олишида гумон билан Юқори Чирчиқ карантин полигонига жойлаштирилди, дея хабар берилади вилоят ҳокимлигининг Telegram-канали коронавирусга қарши олиб борилаётган кураш ҳақидаги ҳисоботида.

Ушбу карантин полигонида жами 6384 нафар одам жойлаштирилган бўлиб, тўрт нафарида коронавирус аниқланган, улар касалхонага ўтказилган.

Тошкент вилоятининг 1203 та хонадонида 6520 нафар фуқаро уй шароитида карантинга олинган. Вилоятда доимий рўйхатда турган фуқародан 207 нафарида коронавирус касаллиги тасдиқланган бўлиб, 128 нафар фуқаро соғайиб, тиббий реабилитация марказларига ва яшаш манзилларига юборилди. Вирусга қарши курашга жами 539 нафар шифокор, 4246 нафар ўрта ва кичик тиббий ходимлари сафарбар қилинган.

Ғишткўприк чегара постидан ўтган 218 нафар фуқародан 214 нафари Юқори Чирчиқ карантин полигонига, 3 нафари Зангиота юқумли касалликлар шифохонасига жойлаштирилди. “Умид Гулшани” оромгоҳида 44 нафар, Зангиота тумани юқумли касалликлар шифохонасида 65 нафар, Қуйи Чирчиқ тумани туғруқхона комплексида 33 нафар, Паркент туман тиббиёт бирлашмасида 202 нафар, Янгийўл туман тиббиёт бирлашмасида 150 нафар, Зангиота туман тиббиёт бирлашмасида 225 нафар, Қуйи Чирчиқ туман тиббиёт бирлашмасида 441 нафар фуқаро карантинга олинган.

Айни пайтда Uzbekistan Airways авиакомпанияси хорижда қолиб кетган Ўзбекистон фуқароларини ватанга қайтариш билан шуғулланмоқда. Бундан олдин 10 май куни чартер рейслари билан Сеул ва Деҳлидан 390 нафар фуқаро Тошкентга олиб келинди, 9 май куни 150 нафар ўзбекистонлик Минскдан Тошкентга олиб келинди, 8 май куни Бирлашган Араб Амирлигида қолиб кетган ўзбекистонликларни олиб чиқиш учун чартер рейси ташкил этилди. Республика президенти Шавкат Мирзиёевга кўра, қайтиб келганларнинг кўпчилигида “коронавирус инфекцияси аниқланяпти”.

Ўзбекистонда 11 май куни коронавирус юқтирилишининг 68 та янги ҳолати аниқланди (10 май куни 69 эди) ва касаллик юқтирганларнинг умумий сони 2486 кишига етди, дея хабар беради Соғлиқни сақлаш вазирлигининг KoronavirusInfo.uz лойиҳаси. 10 киши вафот этган ва 1988 бемор соғайиб кетган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ