Сенат кўпчилик овоз билан Ўзбекистоннинг Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) билан кузатувчи давлат сифатида ҳамкорлик қилишини маъқуллади. 100 нафар сенатордан 91 таси овоз беришда иштирок этди. Улардан 71 нафари қарорни маъқуллаб овоз берган, 16 киши «қарши», 4 нафари бетараф бўлган, деб хабар беради «Газета.uz».
Сенат раиси Танзила Норбаева ушбу қарор «Ўзбекистоннинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишида муҳим ўрин тутиши»ни таъкидлади. У ЕОИИ билан ҳамкорлик масаласи икки йилдан бери муҳокама қилинганини айтиб ўтди.
Бўлиб ўтган қизғин муҳокамада ЕОИИ билан ҳамкорликнинг ижобий ва салбий томонларига доир фикрлар билдирилди. Жумладан, Сенат матубот хизматининг хабар беришича, ҳамкорликка қарши овоз берган сенаторлар интеграция мамлакат иқтисодиётидаги қатор соҳаларга салбий таъсир ўтказишини, хориж инвестицияларининг камайишини, ЕОИИ билан ҳамкорлик Ўзбекистоннинг Халқаро савдо ташкилотига аъзо бўлишига тўсиқ бўлишини таъкидлаганлар.
Ҳамкорлик тарафдошлари эса, мамлакат ташқи савдо хажмининг ортиши, жумладан қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари сотувининг кўпайиши, меҳнат мигрантлари учун кенг ҳуқуқлар берилишига урғу берганлар. «Ўзбекистоннинг ЕОИИда «кузатувчи давлат» мақомида иштирок этиши мазкур ташкилот доирасида қабул қилинаётган қарорлардан хабардор бўлишга, пировардида ундан тўғри хулосалар чиқаришига ёрдам беради», – дейилади Парламентнинг олий палатаси матубот хизмати хабарида.
Бундан олдин Ўзбекистоннинг Евроосиё иқтисодий иттифоқида «кузатувчи давлат» мақомида иштирок этишини Олий Мажлиснинг қуйи палатаси депутатлари ҳам ёқлаб чиққандилар. Қуйи палата депутатлари ҳам ушбу ташкилотга аъзо бўлиш республика ташқи савдо хажмини ошишига, ташкилотга аъзо давлатларда ишлаётган ўзбекистонликлар ҳуқуқларининг янада ҳимояланишини айтиб ўтгандилар. Бундан ташқари, хорижга маҳсулотлар етказиб бераётган корхоналарда $1,6 млрд миқдорида қўшимча қиймат солиғини солиш имконияти пайдо бўлиши айтилганди. Имтиёзли тарифлар туфайли темир йўл транспортлари орқали юкларни етказиб беришда йилига $220 млн иқтисод қилиш имконияти пайдо бўлади.
Ҳозирда Евроосиё иқтисодий иттифоқига Арманистон, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон ва Россия аъзо бўлган. Молдова кузатувчи давлат мақомига эга. Мазкур мақом республиканинг ЕОИИ мажлисларида иштирок этиш ва керакли ҳужжатларга эга бўлиш имкониятини беради. Лекин у қонунлар қабул қилиш жараёнида иштирок этишга изн бермайди.