Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили тайинланди

Тери Хакала

Европа Иттифоқи кенгаши элчи Тери Хакалани 2021 йил 1 июлдан бошлаб ЕИнинг Марказий Осиё бўйича махсус вакили этиб тайинлади, дейилади Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси тарқатган пресс-релизда.

Тери Хакала — Европа Иттифоқининг Шарқий қўшни мамлакатлар ва Марказий Осиё бўйича катта тажрибага эга финляндиялик дипломати ҳисобланади. У хорижда турли дипломатик ишларда, жумладан Россия, Жанубий ва Жануби-Шарқий Осиё мамлакатларида, Женевада элчи вазифасида фаолият юритган. Яқин давргача у Финляндия Ташқи ишлар вазирлигида технология ва хавфсизлик масалалари бўйича элчи бўлиб ишлаган.

«ЕИ Марказий Осиёда минтақа муаммоларини ҳал этишга ёрдам кўрсатаётган ишончли ҳамкор ҳисобланади. Европа Иттифоқининг глобал пандемиядан сўнг тикланишга яроқли кўплаб инструментлари мавжуд. Марказий Осиё бўйича Махсус вакил мандати ҳудуд мамлакатлари ва халқаро ташкилотлар иштирокида минтақавий ҳамкорлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш нақадар зарур эканига урғу беради. Яқин келажакда бу масалалар аввалгидан ҳам муҳимроқ ўрин эгаллаши аниқ», — дейди Хакала.