Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида «яшил», «сариқ» ва »қизил» тоифаларга ажратган ҳолда табақалаштирилган карантин чекловларидан қатъий назар, 9 май кунида оммавий тадбирларни ўтказиш ҳамда Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ёши улуғ фахрийларнинг ҳолидан хабар олиш тақиқланади. Бу ҳақда коронавирусга қарши кураш бўйича Республика махсус комиссиясининг Telegram-каналида хабар қилинган.
Ўзбекистонда Хотира ва қадрлаш куни дея аталган 9 май байрамини фақат оила даврасида нишонлаш тавсия этилади. Иккинчи Жаҳон уруши қатнашчиларини байрам муносабати билан табриклаш ва рағбатлантириш тадбирлари санитария талабларига риоя қилган ҳолда давлат ташкилотлари томонидан амалга оширилиши таъминланади.
Хотира ва қадрлаш куни арафасида Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари Иккинчи жаҳон уруши ва меҳнат фронти фахрийларидан, ички ишлар органлари тизимида узоқ йиллар хизмат қилиб истеъфога чиққан, шуниндгек хизмат вазифаларини адо этиш вақтида ҳалок бўлган ходимларнинг оила аъзоларидан хабар олишмоқда. ИИББ раҳбарияти номидан уларга ҳам 1 миллион сўм миқдорида бир марталик пул мукофотлари ва бошқа совғалар топширишди, дея хабар беради ИИББ сайти.
ИИББ ходимлари уруш қатнашчиси уруш ва ички ишлар органлари фахрийси, лейтенант Туроб Абдушукуровнинг беваси Анна Абдушукуровани ҳам байрам билан табрикладилар. У Украинанинг Харьков вилоятида туғилиб, болалигини ўтказган, 8 ёшида онасидан ҳамда икки синглисидан ажраб қолган бўлиб, 1941 йил декабргача ҳарбий қисмда ишлаган.
1941 йилда уни Берлинда тузилган ҳарбий қисмга юборадилар. Бу ерда у бўлажак турмуш ўртоғи билан танишиб, 1945 йил 10 ноябрь куни унга турмушга чиқади. Тўйдан кейин икки йил ўтиб 1947 йилда улар тўнғич фарзанди билан Тошкентга кўчиб келадилар ва биргаликда 62 йил яшаб, беш нафар фарзандни вояга етказадилар.
Ўзбекистонда жамоат жойларида 2 метрли ижтимоий масофа сақлаш талаби амал қилмоқда. Давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев аҳоли пунктларидаги COVID-19 инфекциясига чалиниш дарпажасидан келиб чиққан ҳолда тоифаларга ажратиш бўйича талаб қўйиб, фуқароларнинг “жуда ҳам зийраклик ва эҳтиёткорлик билан” карантин қоидаларига тўлиқ амал қилишлари шартлигини эслатди. “Бу хавф бутун дунёда бутунлай бартараф этилмас экан, хотиржамликка берилишга асло ҳақимиз йўқ”, — дея қўшиб қўйди Ўзбекистон президенти.
Ўзбекистонда 7 май соат 23:00 ҳолатига кўра, коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 2298 нафарни ташкил қилмоқда. Пайшанба куни жами 65 та янги ҳолат қайд этилди. Айни пайтда коронавирусдан соғайганлар сони 1656 кишини ташкил қилмоқда. Ўн бемор вафот этди.