Ўзбекистон туман ва шаҳарлари коронавирусга чалиниш даражаси билан тоифаланадиган бўлди

Uznews.uz сайти фотосурати

Ўзбекистонда туман ва шаҳарлар карантин даражаси билан тоифланадиган бўлди. Шундай топшириқ президент Шавкат Мирзиёев томонидан 7 май куни ўтказилган видеоселектор йиғилиши давомида Республика комиссиясига ҳудудларни тоифага ажратишни туман ва шаҳарлар даражасида белгилаш бўйича топшириқ берилди.

Ўзбекистонда 8 майдан бошлаб коронавирус хавфи даражасига қараб карантиннинг учта: қизил, сариқ ва яшил тоифалари амал қила бошлайди.

“Шу билан бирга, “сариқ” ва “қизил” тоифадаги вилоятларда касаллик умуман аниқланмаган туманлар ҳам борлигини инобатга олиш лозим. Худди шундай, эртага “яшил” вилоятдаги бирор бир туманда касаллик аниқланадиган бўлса, бутун вилоятнинг тоифасини ўзгартириш шарт эмас”, – деди президент.

Мирзиёев карантин талабларини аста-секин юмшатиш вирусдан холи ҳудудларда иқтисодиётни юрғизиб юбориш ва одамларни даромад билан таъминлаш мақсадида амалга оширилаётганини тушунтирди. “Бунда биз аҳолининг карантиндаги турмуш шароитини яхшилаш учун уларнинг кўплаб мурожаатларини ҳам инобатга олдик”, — деди президент.

Мирзиёевга кўра, Ўзбекистонда бу офатни жиловлаб туришга эришилди, лекин фуқаролар “жуда ҳам зийраклик ва эҳтиёткорлик билан”, карантин қоидаларига тўлиқ амал қилишлари шарт. “Бу хавф бутун дунёда бутунлай бартараф этилмас экан, хотиржамликка берилишга асло ҳақимиз йўқ”, — дея қўшиб қўйди Ўзбекистон президенти.

Президент қайд этишича, жаҳонда, айниқса Ўзбекистон билан яқин ҳамкорлик қиладиган давлатларда пандемия тобора кучайиб бораётгани катта хавф солиши мумкинлигини асло унутмаслик керак. “Шу сабабли барчамиздан ҳушёрликни янада ошириш талаб этилади. Бу борада, фаолиятини умуман тўхтатмаган корхоналарда ҳам, ўз ишини қайтадан бошлашга рухсат берилган соҳаларда ҳам вирусга қарши курашиш бўйича чекловлар сўзсиз бажарилиши керак”, — деди президент.

Ўзбекистонда сўнгги маълумотларга кўра коронавирус юқтирилишининг 2 298 та ҳолати қайд этилган, 1 минг 656 нафар бемор ёки 72 фоизи соғайган, касалхоналарда 632 нафар бемор даволанмоқда. Хориждан қайтган ва беморлар билан мулоқотда бўлган 45 минг фуқаро карантинга олинган.

Ўзбекистонда карантин талабларини босқичма-босқич юмшатиш 22 апрелдан бошланган. Президентнинг 8 май куни Республика комиссиясига берган топшириғига кўра, республика учта тоифали ҳудудга ажратилади. Коронавирусдан деярли ҳоли бўлган яшил ҳудудга Навоий, Жиззах ва Қашқадарё вилоятлари киритилган, коронавирус юқтириб олган беморлар даволанаётган, бироқ икки ҳафтадан бери COVID-19 юқтиришнинг янги ҳолатлари аниқланмаган Сурхондарё, Хоразм ва Тошкент вилоятлари сариқ ҳудудга киритилди. Қолган вилоятлар, шу жумладан, Қорақалпоғистон қизил ҳудуд тоифасига киритилган.

Яшил ҳудуд тоифасидаги вилоятларда кўпроқ хизматлар кўрсатилади, сариқларда – камроқ ва қизил тоифаларда чекланган хизмат кўрсатиш белгиланган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ