Ўзбекистон бюджет ходимлари ойликдан бир қисмини “Саҳоват ва кўмак” жамғармасига ўтказишга мажбурланмоқда

Yoshlarittifoqi.uz сайти фотосурати

Ўзбекистонда коронавирус пандемияси ва карантин даврида ёрдамга муҳтож оилаларга кўмак бериш учун тузилган “Саҳоват ва кўмак” жамғармаси давлат ва жамоат ташкилотлари ходимларининг ойлик маошидан ушлаб қолиш йўли билан тўлдирилмоқда, дея таъкидламоқла “Озодлик”.

Нашр Навоий вилояти Марказий кон бошқармаси (МКБ) раҳбарларига йўлланган бошқарма кадрлар бўлимининг раҳбари А.Т. Ҳамидов томонидан ёзилган Хизмат хатининг нусхасини чоп этмоқда. Хизмат хатида ишчилар орасида «тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бориш» кейин эса «ихтиёрий равишда» бу жамғармага «пул ўтказиб бериш сўралган». 29 апрель куни тайёрланган ушбу хат “Саҳоват ва кўмак” жамғармасига беғараз ёрдам” дея номланган.

Бошқарма қабулхонасидагилар хайрия учун пул тўпланаётганини тасдиқладилар, Зарафшондаги Навоий тоғ-металлургия комбинати ходимларидан бирининг рафиқаси эса эри “Саҳоват ва кўмак” жамғармасига ўзининг иш ҳақидан 20% — 1 миллион сўм (100 АҚШ доллари) ўтказиб беришга мажбур бўлганини айтиб берди.

Бу аёлнинг айтишича, 5 май куни бўлинмада ишлайдиган барча ишчи-ходимларни «Саховат ва кўмак» жамғармасига ойлик маошининг раҳбар белгилаб берган қисмини ихтиёрий равишда ўтказиб бераётгани ҳақидаги қоғозга мажбуран қўл қўйдирилган. 10 миллиондан ($1000) ошиқ ойлик оладиганларни 3 миллион сўмдан ($300) ўтказиб беришга мажбурладилар”, -.

Суҳбатдошнинг айтишича, олдинроқ март ойидаги маошидан ҳам бир кунлик иш ҳақини Наврўз ҳашари учун, яна бир кунлик ҳақини карантиндан қийналганлар учун мажбурий-ихтиёрий равишда эҳсон қилишган.

Комбинат раҳбарияти ишчи-ходимларни «яна йиғимлар бўлиши мумкин, юртга шу кунда ёрдам бермасанглар, қачон ёрдам берасизлар?», дея огоҳлантирган. Норози бўлганларни муаммо топиб, ойлигини кесиш билан қўрқитишган.

“Саҳоват ва кўмак” жамғармаси кўп болалик оилаларга, ёлғиз кексаларга, имконияти чекланган ногиронларга ҳамда вақтинча ишсиз қолиб, даромад манбаидан айрилиб қолган одамларга ёрдам бериш учун тузилган. Жамғармани тузиш тўғрисидаги ҳукумат фармойишида айтилишича, у ҳомийлик ва хайрия тушумлари ҳамда қонун билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобига шаклланади. Ҳукумат жамғармага келиб тушаётган маблағлар ва уларнинг тасарруфи тўғрисидаги маълумотларни оммавий ахборот воситаларида ёритиб боришга кўрсатма берган.

Жамғарма тадбиркорларни аҳолининг ижтимоий жиҳатдан ҳимояга муҳтож қатламига ёрдам беришга чақирган президент Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан тузилган. Кўрсатилган ёрдамнинг миқдорига қараб, президент тадбиркорларга солиқ, кредитлар бўйича турли имтиёзлар ва префиренцияларни тақдим этишга ҳамда зарур ресурслар билан таъминлашга ваъда қилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ