Ўзбекистон сув омборидаги тошқин оқибатида Қозоғистондаги деярли тўққиз юзта уйни сув босган

BaigeNews фотосурати

1 май куни Сирдарёдаги Сардоба сув омбори дамбасининг емирилиши оқибати юзага келган сув тошқини сабаб қўшни Қозоғистондаги 845 та турар-жой бинолари, учта мактаб, ўнта болалар боғчаси, тўртта тиббий муассаса ва битта маданият уйи биносини сув босиб кетган. Бу ҳақда 5 май куни BaigeNews нашри хабар беради.

Қозоғистоннинг Туркистон области ҳокими Умирзоқ Шукеев Женис қишлоғидаги кўприк, республика миқёсидаги 54,7 километр автойўл ва 7639 гектар экин майдони сув остида қолиб кетганини маълум қилади. Дастлабки ҳисобларга кўра, келтирилган зарар 404 миллион тенгедан ($949,7 минг) ортиқ.

Шукеевга кўра, жабрланган одамларга 2019 йил Арис шаҳри яқинидаги ҳарбий қисмда содир бўлган портлашувда қўлланилган аҳолига ёрдам бериш схемаси қўлланилади. Мулкларни талончилардан сақлаб қолиш мақсадида 303 нафар полиция ходимлари сафарбар этилган, саккизта блокпост ташкил этилган. Сув оқимини тўхтатиш учун ишчилар сувни буриб ташловчи каналлар қазимоқдалар. «Кеча биз Ўзбекистонда бўлиб, хавфсизлик чораларини муҳокама қилдик. Когали аҳоли пункти ёнида қўшимча каналлар қазиймиз. Вазият барқарорлашгач, ўзбек ҳамкасбларимиз ўз техникалари билан ёрдамга келадилар», — деди ҳоким.

1 май куни дарс кетган дамба 2017 йили қуриб битқазилган. Дастлабки маълумотларга кўра, сув омбори дамбаси бузилишига кучли шамол ва ёмғир сабаб бўлган. Ўзбекистон Бош прокуратураси мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 207-моддаси (Мансабга совуққонлик билан қараш) 1-қисми ва 258-моддаси (Тоғ-кон, қурилиш ёки портлатиш ишлари хавфсизлиги қоидаларини бузиш) 2-қисми “б” банди билан жиноят ишини қўзғатган. Қозоғистоннинг Экология, геология ва табиий ресурслар вазирлиги Ўзбекистонга расмий мактуб йўллаб, унда дамбанинг бузилишига доир, шунингдек трансчегаравий ҳудудларда бунёд этилган гидротехник қурилмалар тўғрисида тўлиқ маълумотлар берилишини сўраш ниятини билдирган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ