Ўзбекистонда COVID-19 қурбонларининг сони ўнтага етди

Zakon.kz сайти фотосурати

Наманганда коронавирус инфекциясига чалинган бемор ўткир нафас ва юрак қон — томир етишмовчилигидан вафот этди, дея хабар беради “Газета.uz” республика Соғлиқни сақлаш вазирли матбуот хизматига таянган ҳолда.

Ёши кўрсатилмаган эркак шу йилнинг 20 апрелида Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг Наманган вилоят филиали реанимация бўлимига юрак қон-томир ва нафас етишмовчилиги ташхиси билан ётқизилган. Ўтказилган тезкор диагностик таҳлиллардан сўнг беморда “Covid-19” инфекцияси ҳам аниқланган.

Ёндош касалликлари ҳисобига у қарийб икки ҳафта давомида сунъий нафас олиш аппаратида бўлган. Бундан аввал эса ушбу бемор (эркак) бош мия фалажи, иккиламчи камқонлик оғир даражаси, ўткир юрак қон-томир ва нафас етишмовчилиги каби қатор ташхислари билан даволанган. 29 йилдан буён ётоқдаги бемор бўлиши билан бирга биринчи гуруҳ ногиронлиги ҳам белгиланган. Бироқ ўтказилган тезкор реанимацион муолажаларига қарамасдан бемор ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилигидан вафот этган.

Ўзбекистонда коронавирусдан вафот этган биринчи бемор ҳам наманганлик эди. 72 ёшли аёл 27 март куни вилоят юқумли касалликлар шифохонасида ҳаёт билан видолашганди. Тахмин қилинишича, у коронавирус инфекциясини 12 март куни Туркиядан қайтган қизидан юқтириб олган. Ўзбекистонда COVID-19 инфекциясининг биринчи юқтириб олиш ҳолати 15 март куни қайд этилган.

Ўзбекистонда 4 май куни эрталабки ҳолатига коронавирус инфекциясини юқтириб олишнинг жами 2149 та ҳолатлари қайд этилган, 1319 киши соғайиб кетган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ