Ўзбекистонда бу йили журналист бўлишни хоҳлаган абитуриентларни саккизта ОТМ қабул қилади. Бу ҳақда Миллий массмедияни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат жамғармасининг директори Хушнутбек Худойбердиев Журналистика ва оммавий коммуникациялар университетининг катта ўқитувчиси, Жаҳон тиллари университетининг доценти Беруний Алимовга таянган ҳолда хабар беради. Шундай қилиб, кадрлар тайёрлаш борасида бундан икки йил олдин Журналистика университети ўрнатган монополия барҳам топади.
Худойбердиевга кўра, журналистика факультети Ўзбекистон миллий университети, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети, Тошкент давлат шарқшунослик университети, Самарқанд давлат чет тиллар университети, Вебстер (АҚШ) университетининг Тошкент филиалида очилади. Бундан ташқари, «Ипак йўли» халқаро туризм университетида ҳам тревэл-журналистика йўналиши бўйича ўқиш ташкил этилади.
Худойбердиев ОАВ учун журналистларни турли ОТМларда тайёрланишини тўғри, дея баҳолайди, зеро соғлом рақобат туфайли таълимнинг сифати ошади. Шунингдек, ҳамманинг бир жойга интилиши коррупцияни келтириб чиқаради. «Абитуриентларда танлов имконияти қанча кўп бўлса, шунча яхши», – деб ёзади у.
Ҳозирча журналистларни тайёрлаш жараёнининг диверфикацияси бўйича расмий маълумот берилмаган. Бу борадаги маълумот 2 май куни Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов, Олий ва ўрта махсус таълим вазири Ином Масжидов, Давлат тест маркази директори Мажид Каримовлар иштирокида бўлажак брифингда тасдиқланади ёки инкор этилади.
Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети 2018 йили ташкил топган. Халқаро пресс-клуб раиси Шерзод Қудратхўжаев унга ректор этиб тайинланган. Янги ОТМ барпо этилгани боис, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети ва Ўзбекистон миллий университети журналистларни тайёрлашни тўхтатганди.