Қашқадарё вилояти коронавирусдан ҳоли бўлган иккинчи ҳудудга айланди

Қашқадарё вилоятининг тиббиёт ходимлари соғайган беморларни табриламоқдалар . Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати фотосурати

Қашқадарё вилоятида коронавирусга чалинган охирги бемор шифохонадан чиқди. Вилоят мамлакатда COVID-19 дан ҳоли бўлган иккинчи ҳудуд бўлди. Бу ҳақда республика Соғлиқни сақлаш вазирлигининг матбуот хизмати хабар беради.

Қашқадарё вилоятида коронавирусга чалинган жами олтита одам қайд этилганди. Уларнинг барчаси Чироқчи туманида истиқомат қилган ва беш нафари битта оиладан бўлган.

Ўзбекистонда биринчи бўлиб Жиззах вилояти коронавирусдан ҳоли ҳудуд мақомига эга бўлди. Бу ҳақда 27 апрель куни Соғлиқни сақлаш вазирлиги вилоят шифохонасидан сўнгги иккита бемор тузалиб чиққанидан кейин хабар берганди. Вилоятда жами уч киши коронавирусдан даволанган.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 1 май куни тақдим этган маълумотларига кўра, мамлакатда коронавирусга чалинган одамларнинг сони 2046 нафарни ташкил этган. Беморларнинг ярмидан кўпи, яъни 1134 таси тузалиб кетган, жами тўққизта одам ушбу вирусдан ўлган.

Вирусга чалинганларнинг энг кўпи – 630 киши Тошкент шаҳрида қайд этилган. Кейинги ўриндан Бухоро (412), Хоразм (223) ва Наманган (217) вилоятлари жой олган. Энг ками Навий вилоятида қайд этилган. Бу ерда бор-йўғи икки киши коронавирусга чалинган. Ҳозирда уларнинг бири тузалиб кетган ва иккинчиси шифокорлар назорати остида..

Давлат бош санитар врачи Нурмат Отабеков 7 апрель куни коронавирусга чалинганлар орасида барча вилоят вакиллари борлигини айтганди. Мулозимга кўра, беморлар Тошкент шаҳри ва вилоятларда жойлашган саккизта инфекция клиникаларида даволанмоқдалар.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ