Жаҳон банки COVID-19 оқибатларини юмшатиш учун Ўзбекистонга яна 200 миллион АҚШ доллари беради

Uznews.uz сайти фотосурати

Жаҳон банки Директорлари кенгаши Ўзбекистонга фуқароларнинг саломатлиги ва фаравонлиги ҳамда иқтисодиёти учун COVID-19 пандемиси оқибатларини юмшатиш бўйича инқирозга қарши дастурини амалга оширишга қўшимча 200 миллион АҚШ доллари миқдорида пул ажратиш лойиҳасини маъқуллади. Бу ҳақда UzNews.uz Жаҳон банки ваколатхонасига таяниб хабар бермоқда.

Ушбу молиялаштириш солиқ тушумларининг сезиларли даражада қисқариши ҳамда ҳукуматнинг инқирозга қарши кураш дастури доирасидаги кўзда тутилмаган давлат харажатларининг кўпайиб кетиши шароитида давлат бюджетини қўшимча маблағлар билан таъминлайди.

“Жаҳон банки томонидан тақдим этилаётган қўшимча молиялаштириш Ўзбекистон ҳукуматининг коронавирус пандемияси тарқалишининг олдини олиш ҳамда одамлар ва миллий иқтисодиёт учун унинг оқибатларини юмшатишга йўналтирилган ҳаракатларини қўллайди”, — дея қайд этди Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Ҳидеки Мори.

Пул маблағлари ҳукуматнинг Ўзбекистонда коронавирус пандемиясининг оқибатларини юмшатиш бўйича тезкор чоралари доирасида соғлиқни сақлаш ҳамда ижтимоий ҳимоя миллий тизимларининг фаолиятини яхшилаш учун тақдим этилади. Улар Жаҳон банки томонидан 24 апрель куни маъқулланган 95 миллион АҚШ долларига тенг молиявий пакетни тўлдиради.

Ўзбекистон Халқаро молиявий ташкилотлардан коронавирус пандемияси ва унинг оқибатларига қарши курашга 3 миллиард АҚШ долларидан кам бўлмаган маблағни жалб этмоқчи. Ўзбекистон президенти март ойида пандемияга қарши кураш чораларини амалга ошириш учун 10 триллион сўмга тенг (1 миллиард АҚШ доллари атрофида) инқирозга қарши кураш жамғармасини тузган эди.

Жаҳон банки Ўзбекистонда умумий қиймати 3,5 миллиард АҚШ долларига тенг 21 та лойиҳани молиялаштиришда иштирок этган. Уларнинг қаторида макроиқтисодий сиёсатни, қишлоқ хўжалигини, соғлиқни сақлаш тизимини, таълимни, сув таъминоти ва канализацияни, энергетика, транспорт, ижтимоий ҳимояни ҳамда шаҳар ва қишлоқ инфратузилмаларини ривожлантиришга қаратилган лойиҳаларни санаб ўтиш мумкин.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ