Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги COVID-19 сабабли ўлган тўққизинчи бемор ҳақида маълумот берди

Objectiv.tv сайти фотосурати

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги республикада COVID-19 инфекциясидан касалланган тўққизинчи беморнинг вафот этганини эълон қилди. Тошкентда коронавирус туфайли сурункали касалликлари оғир кечган 61 ёшли бемор вафот этди, дея хабар беради вазирликнинг Telegram-канали.

Бемор 2-февралда у илк бор бош мия қон айланишининг ўткир бузилиши (инсульт) ташхиси билан Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига ётқизилган ва даволаниб чиққан. Шундан сўнг 15 апрель куни Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига бош мия қон айланишининг ўткир бузилиши (инсульт) билан ётқизилган.

Ўтказилган тезкор диагностик таҳлиллардан сўнг беморда “Covid-19” коронавирус инфекцияси ҳам аниқланган.

Шундан сўнг, унга ихтисослашган тиббий ёрдам бериш мақсадида Тошкент тиббиёт академиясининг кўп тармоқли клиникасига оғир ҳолатда ўтказилган.

Беморда бош мия қон айланишининг ўткир бузилиши, ўпканинг сурункали обструктив касаллиги, икки томонлама бронхопневмония, ўткир буйрак етишмовчилиги, гипертония каби қатор хасталиклар бўлганлиги сабабли даволаниш оғир кечиб, 14 кун сунъий нафас олиш аппаратида бўлган.

Бемор даволаниш давомида кунлик аҳволи видео мулоқотлар орқали хорижлик ва мамлакатимиздаги шу соҳага ихтисослашган тиббиёт муассасаларининг нуфузли мутахассислари назоратида бўлган. Улар томонидан мунтазам консилиумлар ўтказиб келинган.

Бироқ мутахассисларнинг белгиланган стандартлар асосида ўтказган реанимацион муолажаларига қарамасдан бемор ўткир респиратор дисстрес синдром, ўткир нафас етишмовчилиги, ўпка-юрак етишмовчилигидан вафот этди.

Ўзбекистонда 29 апрель куни кечқурунга келиб коронавирус юқтириб олганларнинг сони 2002 тага чиқди, 1096 киши соғайиб кетди.

Ўзбекистонда коронавируснинг саккизинчи қурбони – Ангренда истиқомат қилган аёл бўлиб, 19 апрель куни уни критик ҳолатда касалхонага ётқизишганди. Вафот этган еттинчи бемор – наманганлик 54 ёшли аёл бўлган.

Республикада коронавирусдан вафот этган беморларнинг энг кексаси – 77 ёшли аёл бўлиб, унинг вафот этгани ҳақида Соғлиқни сақлаш вазирлиги 19 апрель куни маълум қилган. Энг ёш бемор эса шифокор бўлиб ишлайдиган 39 ёшли эркак эди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ