Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев республикани босқичма-босқич карантиндан чиқариш бўйича тавсиялар бера туриб, ички ишлар органлари ва Миллий гвардиядан аҳолига нисбатан мулойим муносабатда бўлишни талаб қилди, дея хабар беради Nuz.Uz.
“ГАИ ходимларига ҳам, умуман ички ишлар ходимларига ҳам, миллий гвардия ходимларига ҳам... Биламан, чарчаган улар ҳам, лекин бу масалага оқилона ёндашиш, вазиятдан келиб чиққан ҳолда, ҳар бир одам билан «сиз» деб гаплашиши керак. Секин шу карантиндан чиқиб кетишимизга сизлар ҳам жуда катта маданият билан уларга муносабат билдиришларинг талаб этилади. Албатта талабнинг ичида маданият ҳам бўлиши керак. Одамларнинг шахсига тегмасдан, тушунтириш ишларини кучайтириб, маданиятни ҳам кўпайтирсак, мен ўйлайман бу тўғри бўлади”, — дея билдирди Мирзиёев.
Ушбу видеоселектор йиғилишидаги унинг нутқи видеоёзуви лавҳаси Repost.Uz YouTube-каналига қўйилган.
Ўзбекистон президентининг республика халқига навбатдаги мурожаатида қайд этилишича, карантин қоидаларини ўз вақтида жорий этилгани ва халқнинг унга сабр-тоқат билан амал қилаётгани туфайли кўплаб туман ва шаҳарларда инфекция тарқалишига йўл қўйилмади. “Мана, бир ярим ойдан ошдики, эл-юртимиз “Уйда қолинг” деган даъватга амал қилиб, юксак жасорат кўрсатиб, ялпи карантин шароитида яшамоқда. Оилам, бола-чақам, деб тиниб-тинчимайдиган, эртаю кеч ғайрат билан меҳнат қиладиган халқимиз учун бундай мажбурий ҳолат, албатта, осон кечаётгани йўқ”, — дея мақтади Мирзиёев.
Мирзиёев карантиндан босқичма-босқич чиқишнинг навбатдаги қадамини таърифлаб берди. Бунда тегишли чекловлар ўрнатилган ҳудудларда аҳоли томонидан бир кеча-кундузда олти соат давомида шахсий автомашиналардан фойдаланишга, шаҳар ва туманлардаги кўп қаватли уйларнинг бевосита олдида ва ички ҳовли ҳудудларида ижтимоий масофани (оралиқ масофа 2 метр) сақлаган ва ниқоблар тақилган ҳолда сайр қилишга рухсат берилади.