Тошкент, Нукус шаҳарлари ва вилоят марказлари аҳолиси ўзини яккалатиш тартибини сақлаган ҳолда ноозиқ-овқат товарлари, қурилиш молларини харид қилиш, кимёвий тозалаш пунктлари ва автосервизларга бориши мумкин. Улар бунда ижтимоий масофа ва бошқа катантин қоидаларига риоя қилишлари лозим. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлигининг матбуот котиби Шоҳруҳ Ғиёсов ташкилот Telegram-каналида хабар берди.
ИИВ ходими сўзларига кўра, бунга кимёвий тозалаш пунктларининг ишлашига, бозорларда озиқ-овқатдан ташқари товарлар билан ҳам савдо қилишга рухсат берилгани, ҳамда қурилиш моллари бозорлари очилгани сабаб бўлган.
Ғиёсов автосервисларга нисбатан алоҳида тушунча берган. 25 апрелдан автомобилларга техник хизмат кўрсатиш станциялари ва эҳтиёж қисмлар дўконлари фаолиятига рухсат берилган. Лекин мамлакатда хусусий автомобилларда ҳаракатланишга қўйилган тақиқ ҳамон амалда. Шу сабаб, мижозлар машинанинг эҳтиёж қисмларини буюртма орқали сотиб олишлари мумкин. Машинанинг йирик деталларини алмаштиришга эҳтиёж туғилганида эвакуатор хизматидан фойдаланилади. Яъни махсус хизматни чақириб, у орқали машинани таъмирлашга топшириш мумкин.
Ўзбекистонда коронавирусга чалинишнинг илк ҳолати 15 март куни қайд этилди. Шундан сўнг мамлакатда карантин эълон қилинди: мактаб, ОТМ, болалар боғчалари, кўнгилочар масканлар ёпилди, масжидларда жума намозлари тўхтатилди. 24 мартдан республика бўйлаб кийим-кечак бозорлари ёпилди.
1 апрелдан Тошкент, Нукус шаҳарлари ва вилоят марказларида 65 ёшдан ошган фуқаролар учун ўзини яккалатиш тартиби жорий этилди. 6 апрелдан эса ушбу тартиб барча аҳоли пунктларига мажбурий деб эълон қилинди.
Соғлиқни сақлаш вазирлигининг сўнгги маълумотларига кўра, 29 апрелга келиб COVID-19 дан зарарланганлар сони 1969 одамдан иборат бўлган. 1066 нафар бемор ушбу инфекциядан тузалган, саккиз киши вафот этган.