Ўзбекистонликларнинг жорий йилнинг биринчи чорагидаги ўртача иш ҳақи 2019 йилдаги мос даврига нисбатан 26,5 фоизга ўсган бўлиб, 2 582,5 минг сўмни ташкил этган ($255). Тегишли маълумотлар республика Давлат статистика қўмитаси томонидан чоп этилган. Ушбу идора маълумотига кўра, республикадаги энг катта иш ҳақини банкирлар олишар экан – мамлакат бўйлаб ўртача иш ҳақидан 211,5 фоиз (5 460 минг сўм), энг паст ойлик иш ҳақи оладиганлар эса тиббиёт ходимлари экан – уларнинг иш ҳақи мамлакат бўйлаб ўртача иш ҳақининг 70,1 фоизни ташкил этар экан (1 811 минг сўм).
2019 йилнинг мос даврига нисбатан энг сезиларли ўсиш банк, суғурта, лизинг ва кредит-воситачилик соҳаларида – 46,7% ҳамда меҳмонхона ва ресторан бизнесида (32,6%) кузатилган. Соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизмат кўрсатиш соҳаларида ўртача ойлик иш ҳақи бор-йўғи 29,1 фоизга ошган, холос.
Шу йилнинг январида ўзбекистонлик тиббиёт ходимлари ўртача 1 723,4 минг сўмдан ($170,2), февралда – 1 792 минг сўм (($177), мартда – 1 885 минг сўм ($188,5) ойлик иш ҳақи олишган. Ўзбекистондаги тиббиёт ходимларининг энг юқори иш ҳақи Тошкентда – 2 137 минг сўм ($211), энг паст олий иш ҳақи эса Қашқадарё вилоятида – 1 825 минг сўм ($180). Наманган, Жиззах, Тошкент ва Фарғона вилоятларининг соғлиқни сақлаш соҳаси ходимлари ҳам бошқа вилоятлардаги ҳамкасбларига қараганда камроқ ойлик иш ҳақи оладилар.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 26 март куни ҳукумат йиғилиши давомида коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш соҳасида фаолият юритаётган тиббиёт, санитария эпидемология ва бошқа хизматларнинг ходимларига қўшимча моддий кўмак кўрсатишга қаратилган қарорини имзолаганини маълум қилди. Апрель ойининг аввалида бошланиб, камида 10 майгача давом этадиган карантин амал қилаётган давр мобайнида коронавирус инфекциясини юқтириб олган беморлар билан бевосита ишлайдиган шифокорларга ҳар икки ҳафтада 25 миллион сўмдан ($2627); ўрта медицина персонали, ва лаборатория ҳамшираларига – 15 миллион сўмдан ($1576); кичик медицина персоналига – 10 миллион сўмдан ($1050); бошқа ходимларга – 5 миллион сўмдан ($525) компенсация тўланади.