Ўзбекистонда коронавирус оқибатида еттинчи одам вафот этди

Наманган соғлиқни сақлаш бошқармаси. Андрей Кудряшов фотосурати, "Фарғона"

Наманганлик 54 ёшга кирган аёл Ўзбекистонда коронавирусдан вафот этган еттинчи одам бўлди. Бу ҳақда республика Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Telegram-каналида хабар берилган.

Вазирлик маълумотларига кўра, 14 апрель куни аёл оғир аҳволда инфекция шифохонасига ётқизилади. Бемор сурункали гипертония ва қандли диабет касалликлари билан оғриган ва коронавирус инфекцияси сабаб мазкур касалликлар кучайиб кетган. Аёл 17 апрель куни вилоят юқумли касалликлари шифохонасининг реанимация бўлимига олинган. Лекин 22 апрель куни бемор ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилигидан вафот этади.

Ўзбекистонда коронавирусдан вафот этган энг ёши улуғ инсон — 77 ёшли аёл бўлиб, унинг вафоти 19 апрель куни қайд этилди, вируснинг энг ёш қурбони 39 ёшли шифокор бўлган.

Коронавирусга қарши кураш бўйича Республика махсус комиссияси ўтган ҳафта карантин муддатини 10 майгача узайтирди. Дастлаб у 20 апрелгача жорий этилганди.

Шу билан бирга давлат раҳбари COVID-19 коронавируси аниқланмаган ёки эпидемиологик вазият барқарорлашган ҳудудларда карантин қоидаларини аста-секин юмшатишга топшириқ берди.

22 апрель ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирусга чалинган одамларнинг сони 1692 нафарни ташкил этган, 407 та бемор вирусдан тузалиб кетган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ