Ўзбекистон Адлия вазирлиги мамлакатда биринчи ишбилармонлик олий таълим муассасаси — TEAM Universityни рўйхатга олди. Бу ҳақда Spot.uz хабар беради.
Бизнес ва бошқарув соҳасида мутахассисларни тайёрлайдиган мазкур ОТМ Business School HUMO Campus компаниясининг лойиҳаси ҳисобланади. Талабалар шу йилнинг ёзида қабул қилинади. Дарслар ўзбек, инглиз ва бошқа тилларда кундузги, сиртқи ва кечки ўқиш тизимида олиб борилади. Ўқув жараёни масофали тарзда ҳам ўтиши мумкин. Битирувчиларга олий ўқув юрти дипломи берилади.
Янги ОТМнинг васийлик кенгаши раиси Алан Франц бўлиб, бундан олдин у Тошкентдаги Вестминстер университетининг биринчи проректори вазифасида ишлаган. Шунингдек, Кенгаш аъзолигига koriznka.uz супермаркети асосчиси Зафар Ҳошимов, Office Market компанияси муассислари Ҳасан и Ҳусан Мамасаидовлар, HM Partners компанияси асосчиси Музаффар Қосимов киради. TEAM University директори этиб бундан олдин Вестминстер университетининг проректори бўлган Алишер Ҳасанов тайинланди.
Ўтган йил сўнггига Ўзбекистон ҳукуматининг қарор лойиҳасидан TEAM Universityни ташкил этиш масаласи жой олганди. Ҳужжатда ОТМ хориж ҳамкорлар билан барпо этилиши айтилган ва бунда аниқ ташкилот номи кўрсатилмаганди. Шунингдек, ҳужжатда университет бирданига иккита объектни — Тошкентнинг Яшнаобод туманидаги Темур Малик кўчасида ва Термиз шаҳрида, Ҳаким ат Термизий кўчасидаги коллеж биносида филиалини очиши кўрсатилганди. Ўтган ҳафта сўнггида Ўзбекистон президенти Сурхондарё вилоятида Денов тадбиркорлик ва педагогика институтини ташкил этиш борасида қарорни имзолади.
Ушбу олийгоҳда ўқув жараёни шу йили бошланади. Янги ОТМ Термиз университетининг Денов филиали асносида барпо этилган. Университетга ректор этиб Ғанишер Раҳимов тайинланган. У бундан олдин Жаҳон тиллари давлат университетига раҳбарлик қилганди.