Олтинчи синфни тамомлаганлар ҳарбий-ватанпарварлик синфига қабул қилинади

Тошкентдаги ҳарбий ватанпарварлар фестивалидаги мактаб ўқувчилари. Uza.uz сайти фотосурати

Умумий ўрта таълим ва ихтисослаштирилган мактабларда ҳарбий-ватанпарварлик йўналишига ихтисослаштирилган синфлар очилади. Мамлакат президенти Шавкат Мирзиёев шу ҳақдаги фармонга қўл қўйди, деб хабар беради Norma.

Ҳужжатга кўра, махсус синфларнинг асосий мақсади — «умум таълим мактаблари ўқувчиларига ҳарбий ватанпарварлик борасида чуқур таълим беришдан иборат». Олтинчи синфни яхши тамомлаган ўғил болалар ва қизлар бундай синфга қабул қилинади. Номзодлардан аризалар 1 дан 20 июлга қадар қабул қилинади.

Қириш синовлари жисмоний тарбия ва «керакли предметлар» бўйича тестлардан иборат бўлади. Жисмоний тайёргарлик синовлари 21 июндан 5 августгача, предметлар бўйича тестлар 15 дан 25 августгача ўтказилади. Жисмоний синовлардан 70 балл йиққан номзоларгина тест синовларига қўйилади. Жисмоний тайёргарлик синовлари доирасида 60 ва 1000 метрга югуриш, югуриб келиб узунликка сакраш, тўпни улоқтириш, шунингдек баланд турникда тортилиш (ўғил болалар) ва гардишни 1 дақиқагача белда айлантириш (қиз болалар) керак бўлади.

Тасдиқланган рўйхатдаги 56 та мактабда, Қорақалпоғистон, ҳар бир вилоят ва Тошкентда 4 тадан мактабда ихтисослаштирилган синфлар очилади. Пойтахтдагилари – Юнусобод туманидаги 58-сон, Яшнобод туманидаги 161-сон ва Яккасаройдаги 172-сон умумтаълим мактаблари, шунингдек Олмазор туманидаги 326-сон ихтисослаштирилган мактабидир.

Ҳар бир ихтисослаштирилган синфга 30 тадан ўқувчилар бириктирилади, ўқиш муддати 5 йилдан (7-11 синфлар) иборат бўлади.

Жорий йилнинг март ойида Халқ таълими вазиргини янги ўқув режасини тасдиқлади ва унга кўра, “Тарбия” фани “Миллий ғоя”, “Одобнома”, “Динлар тарихи”, “Ватан туйғуси” фанларини бирлаштирилиб, ягона “Тарбия” фани жорий қилинди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ