Ўзбекистонда деҳқон бозорларида, шу жумладан бозор ҳудудидан ташқарида жойлашган йирик озиқ-овқат дўконларида савдо ижтимоий масофа (2 метр) сақлаган ҳолда “зигзаг” тартиби (қувурлар, бантлар ва бошқа шу каби тўсиқлар орқали) ташкил этилади. Коронавирусга қарши кураш бўйича тузилган Республика махсус комиссияси томонидан шундай қарор қабул қилинган, деб хабар беради Адлия вазирлигининг Telegram-канали. Кийим-кечак, уй-рўзғор буюмлари, кўчатлар савдосида ҳам ижтимоий масофа сақланиши лозим.
Ҳар бир бозорга киришда “дезинфекция туннели” ва “санитария пост”лари, дезинфекция гуруҳлари ташкил этилиб, улар бозор ҳудудида карантин чоралари талабларига риоя этилишини таъминлаб боради.
Шу билан бирга Тошкентда карантин пайтида қулупнай сотувига рухсат берилди, деб хабар беради Podrobno.Uz сайти. «Баҳорги мевалар, қулупнайлар пишиб етилган. Шунинг учун Тошкентнинг барча маҳаллаларида қулупнай совтувига рухсат берилади. Пойтахтга қулупнай олиб кираётганлар учун транспорт масаласида қулайлик яратилади», — дейилади шаҳар ҳокимияти хабарида.
Март ойидан Ўзбекистонда деҳқон бозорларидан ташқари барча бозорлар ёпилди. Деҳқон бозори ва савдо марказларига кираверишда тепловизорлар, қўлларни антисептиклар билан тозалаш пунктлари ўрнатилган.