Ўзбекистонда такси ҳайдовчиларига комбинезон, ниқоб ва қўлқоп тақиб юриш мажбурияти юкланди

Kommersant.uz сайти фотосурати

Ўзбекистонда етказиб бериш хизматини кўрсатувчи лицензиясига эга бўлган, йўналишсиз такси ҳайдовчилари “махсус комбинезон” (шахсий химоя кийими), тиббий қўлқоп ва ниқобларда фаолият олиб бориши лозим. Адлия вазирлигининг Telegram-канали маълум қилишича, ушбу қарор Коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш бўйича Республика махсус комиссияси томонидан қабул қилинган.

Бундан ташқари, — дейилади хабрномада, – йўловчи ташиш фаолияти билан боғлиқ барча лицензиялар бўйича ариза қабул қилиш ва лицензияларни кўриб чиқиш ва бериш 2020 йил 10 майгача қадар вақтинча тўхтатилади.

Эслатиб ўтамиз, йўловчи ташиш ҳуқуқини берувчи лицензияларга эга автомашиналар махсус стикерлар олмай етказиб бериш хизмати билан шуғулланиш имкониятига эга бўлдилар. Улар озиқ-овқат маҳсулотлари, дори-дармон, тиббиёт воситалари ва кундалик эҳтиёж учун зарур бошқа товарарни етказиб бериш билан шуғуллана оладилар.

Шунингдек, комиссиянинг қарори билан чет эллик фуқароар учун визалар, барча муддати ўтган рухсат берувчи ҳамда шахсни тасдиқловчи ҳужжатлар (паспорт, Ўзбекистонда истиқомат қилишга рухсатнома), транспорт воситаларига ҳужжатлар (суғурта полиси, ишончнома, техник кўрик) автоматик равишда 2020 йил 1 июлгача узайтирилди.

Нодавлат тиббиёт ташкилотларига барча талабларига риоя қилган ҳолда ҳудудий санитария эпидемиологик осойишталиги марказлари раҳбарлари томонидан имзоланадиган шартнома асосида 2020 йил 1 сентябрга қадар короновирус инфекциясини лабораторияда текшириш бўйича пуллик тиббий хизмат кўрсатишларига рухсат берилади.

Ўзбекистонда карантин даврида фақатгина банк пластик карталарига ўтказиш тартиби белгиланганлигини инобатга олган ҳолда, пенсионерларнинг пластик карталаридаги операциялар учун комиссия тўловларини ундирмаслик тартиби жорий этилади. Адлия вазирлиги таъкидлашича, ушбу чоралар “бир томондан коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олишга ва иккинчи томондан – карантин даври давомида фуқароларимизнинг соғлиғи ва ижтимоий муҳофазасини таъминлашга йўналтирилган”.

Пенсионерлар учун комиссияни бекор қилишни Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуратов ҳам ваъда қилган, негаки COVID-19 эпидемияси ҳамда карантин муносабати билан барча пенсионерларни вақтинчалик пластикка ўтказишга қарор қабул қилинган эди. Ҳозир фақат банкоматларда пенсия карталаридан пул ечиб олишда комиссия ундирилмайди, бошқа ҳолатларда комиссиянинг миқдори 1 фоизни ташкил этади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ