Ўзбекистонда бир қатор ҳужжат ва лицензияларнинг амал қилиш муддати 1 июлгача узайтирилди, дея хабар беради “Газета.uz”.
Коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш бўйича Республика махсус комиссияси амал қилиш муддати автоматик тарзда узайтириладиган ҳужжатларнинг рўйхатини тайёрлаб қўйди. Рўйхатга барча рухсат берувчи ҳужжатлар (лицензиялар ва рухсатномалар); шахсни тасдиқловчи ҳужжатлар (паспорт, чет эллик фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг доимий яшаш учун гувоҳномаси); транспорт бошқариш учун зарур бўлган ҳужжатлар (суғурта полиси, транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқини берувчи ишончнома ҳамда техник кўрикдан ўтганлигининг нишонаси) киритилган.
Ўзбекистон ички ишлар вазирлигининг матбуот котиби Шуҳрат Ғиясов Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида ўтказилган брифингда юридик ва жисмоний шахсларга нисбатан кўрсатиб ўтилган ҳужжатларнинг амал қилиш муддати ўтиб кетиши билан боғлиқ бирор-бир санкциялар қўлланилмаслигини билдирди. Мутасаддига кўра, ушбу қарор техник кўрик муддати ўтиб кетгани боис транспорт воситалари жарима майдонига тортиб қўйилган фуқаролардан келиб тушган кўп сонли шикоятларни ҳисобга олган ҳолда қабул қилинган.
Бундан олдин эса Ўзбекистон ҳукумати коронавирус инфекцияси таркалишига қарши киритилган барча карантин чораларининг амал қилиш муддатини 2020 йилнинг 10 майига қадар узайтирган эди. Ушбу карантин чоралари фуқароларнинг уйларида қолиб, фақат озиқ-овқат, дори-дармон сотиб олиш, шифокор ҳузурига ҳамда ишга бориб-келиш каби ўта зарур ҳолатлардагина кўчага чиқишларини назарда тутади. Болалар боғчалари, мактаблар ва олий таълим муассасалари ўз фаолиятини вақтинчалик тўхтатиб қўйди. Кўнгилочар ва спорт билан боғлиқ оммавий тадбирларни ўтказиш тақиқлаб қўйилди.
Бундан ташқари, шахсий автомобилларда фақат махсус рухсат берувчи стикерлар бўлганда ҳаракатланишга рухсат берилади. Тиббиёт ҳамда санитария-эпидемиология хизматлари ходимларидан рухсатнома талаб қилинмайди. Велосипедда фақат ишга бориб келиш мумкин, бунинг учун фуқаро ёнида паспорт, гувоҳнома, меҳнат дафтарчасидан кўчирма ҳамда карантин даврида ишга жалб қилингани тўғрисида маълумотномани кўтариб юриши керак.
Республикада шунингдек, шаҳарлараро ва халқаро қатновлар ҳам тўхтатиб қўйилган.
Айни пайтда Ўзбекистонда коронавирус инфекциясини юқтиришнинг 1565 та ҳолати қайд этилган, 225 нафар бемор соғайиб кетган ва 5 киши ўлган.