Воронежда коронавирусга чалинган ўзбекистонлик вафот этди

Gorcom36.ru сайти фотосурати

Воронежда 16 апрель куни 39 ёшга кирган Ўзбекистон фуқароси вафот этди. Бу ҳақда Воронеж область ҳукумати маълумотига таяниб Bloknot-voronezh.ru хабар беради.

Ўзбекистонликнинг Россияда яшашга рухсатномаси (ВНЖ) бўлган. У яқин кунларда Москвада бўлиб қайтган ва уйига келганидан сўнг ўзини ёмон ҳис қилган. Фуқаро 10 кун уйда ётиб, шифокорларга мурожаат қилмайди. 8 апрель куни у Тез тиббий ёрдамга мурожаат қилади ва уни шифохонага ётқизишади. Коронавирусга топширилган тест мусбат чиқади. Эркак киши умрининг охирги икки кунини ИВЛ (ўпкани сунъий шамоллатиш) аппаратига уланган ҳолда яшаган.

Ўзбекистонлик Воронежда COVID-19дан вафот этган бешинчи одам бўлди. 16 апрель маълумотига кўра, Воронежда жами 89 нафар одамнинг коронавирусга чалингани аниқланган, улардан 24 таси тузалиб кетган. Россия бўйича эса 28 минг одам вирусга чалинган, 2304 нафари соғайган, 232 нафар одам коронавирусдан ўлган. Бундан олдин Нью-Йоркда коронавирус тасдиқланган уч нафар ўзбекистонликнинг вафот этгани хабари тарқалганди.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, 17 апрель эрталабки ҳолат бўйича мамлакатда коронавирусга чалинган одамларнинг сони 1380 нафарни ташкил этган, 129 та одам соғайиб кетган, тўрт киши вафот этган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ