АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) орқали Ўзбекистонга қиймати деярли 400 минг доллар бўлган 131,3 тонна озиқ-овқатни етказиб берди, дея хабар беради «Газета.uz» Американинг Тошкентдаги элчихонаси маълумотига таянган ҳолда. Инсонпарварлик ёрдами витамин ва минераллар билан бойитилиб қуритилган сабзавотлар ва дуккакли маҳсулотлардан ташкил топган.
Дипломатик миссия ушбу ёрдам республиканинг 35 минг нафардан ортиқ эҳтиёжманд фуқароларига, 144 дан ортиқ соғлиқни сақлаш ва ижтимоий ҳимоя муассасалари орқали тарқатилишини маълум қилади.
Ушбу рўйхатга COVID-19 билан боғлиқ карантин хизматлари ҳамда сил беморларига узоқ муддатли ёрдам кўрсатаётган муассасалар, шунингдек, меҳрибонлик уйлари ва руҳий касалликлар шифохоналари киритилган.
Озиқ-овқатлар «Соғлом авлод учун» халқаро хайрия жамғармаси ва Американинг Resource and Policy Exchange, Inc. (RPX) нодавлат нотижорат ташкилоти билан ҳамкорликда тарқатилади.
Февраль ойида АҚШ ҳукумати Ўзбекистонга комбинезон, ҳимоя ниқоблари, пластик ниқоб, респиратор ва қўлқоплардан иборат 600 та шахсий ҳимоя комплектларини тақдим этганди.
Март ойида эса Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги америкаликлардан 10 минг дона махсус қўлқоп, 10 200 та ниқоб, 1400 дона ҳимоя халатлари ва 200 та ҳимоя кўзойнакларини қабул қилиб олганди. Ёрдам USAID ташкилоти орқали амалга оширилган.