Ўзбекистон Марказий банки барча банкларда пенсияни пластик картадан ечиб олишда кўзда тутилган комиссия пулини пасайтиришни ёки умуман бекор қилишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуратов онлайн брифинг давомида билдирди, дея хабар беради UzRepost.
Унга кўра, муаммо ечимининг иккита варианти ўрганилмоқда. Биринчиси – пенсионерлар учун имтиёзли комиссия миқдорини белгилаш, мисол учун, айни пайтда пластикдаги пулни нақдлаштириш учун амал қилаётган комиссияни ўртача 1 фоиздан 0,5 фоизгача тушириш. Иккинчи вариант – пенсияларни банкоматлардан ечиб олишда комиссия тўловини ундириб олишни бутунлай бекор қилиш. “Бу масала техник характердаги ечимга эга бўлгани учун, уни ҳал қилишиз билан бу ҳақда албатта маълум қиламиз”, — деди Мамаризо Нурмуратов.
Ҳозирги кунда пенсия карталаридан пулларни ечиб олишда фақат Халқ банкига қарашли банкоматларда комиссия олинмайди, бошқаларида унинг миқдори бир фоизга тенг.
Ўзбекистонда COVID-19 коронавирус эпидемияси муносабати билан барча пенсионерларни пластик карталарга ўтказиш бўйича қарор қабул қилинди. Карталарни расмийлаштириш учун кекса қарияларнинг банкларга бориши шарт бўлмайдиган ҳолат яратилиши кутилмоқда. Марказий банкдагиларнинг ишонтиришича, пенсия жамғармаси барча зарур маълумотларни банкларга электрон форматда жўнатади, банк ходимлари эса уларни эгаларининг уйларига етказиб берадилар.
Май ойидан бошлаб Тошкентда, Нукусда ҳамда республиканинг бошқа вилоятлари марказларида пенсионерларга пенсия пули пластик карталарига ўтказиб берилади. Кейинроқ, бу тартиб босқичма-босқич мамлакатнинг бошқа ҳудудларда ҳам татбиқ этилади. “Барча вилоятлар пулни нақд қилиб олиш учун банкоматлар билан таъминланади”, — дея ваъда қилди республика комиссияси.
15 апрелга келиб Ўзбекистонда коронавирус инфекциясини юқтириб олганлар сони 1302 га етди, 107 нафар бемор бутунлай соғайиб кетди ва тўрт киши вафот этди.