Ўзбекистонда махсус шифохоналар қурилиши учун $40 миллиондан ортиқ маблағ сарфланди

Тошкент вилоятидаги карантин шаҳарчаси қурилиши . Тошкент вилояти ҳокимиятининг матбуот хизмати фотосурати

Ўзбекистон ҳукумати томонидан коронавирусга қарши курашиш мақсадида ташкил этилган Инқирозга қарши курашиш жамғармаси 15 апрелга келиб 756 млрд сўм ($75 млн.га яқин) сарфлаган. Ундан энг кўпи – 411 млрд ($40,6 млн) шифохоналар ва карантин мажмуаларини барпо этишга сарфланган, деб хабар беради Молия вазирлигининг матбуот хизмати.

Республика Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлигига 226 млрд сўм ($22,3 млн) ажратилган. Жумладан, 123 млрд ($12,2 млн) миқдоридаги маблағ тест-системалар, реактивлар ва ҳимоя воситаларини харид қилишга сарфланган. 93 млрд ($9,2 млн) жамоат жойларини дезинфекция қилишга, карантин марказлари ходимларининг маошларига, тиббиёт ходимларини қўшимча рағбатлантириш учун сарфланган.

Ижтимоий соҳага кетган ҳаражатлар умумий ҳисобда 117 млрд сўмни ($11,5 млн) ташкил этади. Ундан 50 млрд ($5 млн) ишсиз аҳолини вақтинча иш билан таъминлашга сарфланган, 30 млрд ($3 млн) – аёллар ва кам таъминланган оилаларни қўллаб-қувватлашга, 26 млрд ($2,6 млн) – ижтимоий нафақалар, 11 млрд ($1,1 млн) – Тошкент шаҳар транспорт компаниялари ходимларини ойлик билан таъминлашга йўналтирилган.

Инқирозга қарши курашиш жамғармасининг ҳисобот давридаги даромади 1,6 трлн сўм ($158 млн) бўлган, ундан деярли 1 трлн ($100 млн.га яқин) – халқаро молиявий ташкилотлар томонидан берилган қарзлар бўлади. Қолгани республика бюжетидан ажратилган маблағдир.

Молия вазири Тимур Ишметов, 15 апрелдаги брифингда ҳукумат COVID-19.га қарши кураш учун кўрилаётган чораларни молиялаштиришга тайёр эканини айтди. У, шунингдек, ҳукуматнинг Жаҳон банки билан давлат бюджети ва мазкур жамғарма учун $1 млрд миқдорида маблағ ажратилиши борасида келишиб олганини таъкидлади.

Ўз навбатида Бош вазир ўринбосари, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Жамшид Қўчқоров Ўзбекистон кризисни ҳис қилаётганини айтади. Вазирнинг таъкидлашича, Ўзбекистонда ялпи ички маҳсулотининг ўсиш суръати 2020 йилнинг биринчи чораги якунларига кўра 4,1−4,4 фоиз атрофида бўлиши кутилмоқда ва бу ўтган йилга қараганда паст (5,3%) кўрсатгичдир. Январь — март ойларида экспорт хажми 11%, импорт эса – 10%га қисқарган.

«Иккинчи чорак биз учун ўта мураккаб бўлиши кутилмоқда. Чунки, кўплаб мамлакатлар каби Ўзбекистонда ҳам карантин билан боғлиқ чекловлар асосан апрель ойига тўғри келаяпти ва май ойида ҳам давом этиш эҳтимоли анчагина катта»,— дея таъкидлайди бош вазир ўринбосари.

Шу орада Жаҳон валюта жамғармаси ҳам ўз прогнозларини эълон қилганди. Жамғарма таҳлилчиларига кўра, Ўзбекистонда ЯИМ 2019 йилги 5,6% дан бу йил якунигача 1,8% га камаяди. Коронавирус пандемияси туфайли Ўзбекистонда иқтисодиётнинг пасайишини бошқа ташкилотлар хам башорат қилгандилар. Жаҳон банки республика ЯИМи 2020 йилда 1,6%, Fitch Ratings агентлиги– 2%гача, Осиё тараққиёт банки – 4,7%гача бўлишини прогноз қилади.

Инқирозга қарши курашиш жамғармасини тузиш ташаббусини президент Шавкат Мирзиёев 19 март куни маълум қилганди. Президентга кўра, маблағлар аввало коронавирус тарқалишини олдини олиш, тиббий муассасаларни дори-дармон, ҳимоя ва диагностика воситалари билан таъминлаш, карантин ҳаражатларини вақтида молиялаштириш, маҳаллий шифоҳоналарни экспресс-тестлар билан таъминлаш ишларига сарфланади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Ўзбекистон меҳнат мигрантларига ҳужжатларни расмийлаштириш учун микрокредитлар ажратади. Улар кимга керак?

  • Тошкентда Ислом цивилизацияси маркази ҳомийлигида Халқаро маданий мерос ҳафталиги бўлиб ўтди

  • «Навоий» эркин иқтисодий зонасида дунёда аналоги йўқ ускуна муваффақиятли синовдан ўтказилди

  • Ўзбекистондаги сиёсий партиялар парламент сайловларида илгари сураётган дастурларини тақдим этди