Тошкент вилоятидаги бешта шаҳар аҳолисига ўзларини яккалатиш мажбурияти юкланди

Жамоат жойларининг дезинфекцияси . Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати фотосурати

Тошкент вилоятининг Чирчиқ, Олмалиқ, Бекобод, Янгийўл ва Ангрен шаҳарларида 14 апрелдан бошлаб мажбурий ўзини яккалаш тартиби қорий этилади. Бу ҳақда коронавирусга қарши кураш бўйича Республика махсус комиссиясининг қарорида айтилмоқда.

“Тошкент, Нукус шаҳарлари ҳамда вилоятлар марказларида жорий этилган коронавирус инфекцияси кенг тарқалишининг олдини олиш бўйича барча чекловлар Тошкент вилоятининг Чирчиқ, Олмалиқ, Бекобод, Янгийўл ва Ангрен шаҳарларига нисбатан ҳам татбиқ этилади”, — дейилади хабарномада.

Бу эса фуқароларнинг ўта зарурат туғиладиган ҳолатлардан ташқари кўчага чиқишлари тақиқланишини англатади. Фуқаролар фақат озиқ-овқат, дори воситалари сотиб олгани, шифокор ҳузурига боргани ҳамда ишга бориб келишлари учун кўчага чиқишлари мумкин бўлади. Шунингдек, автомобиль транспортида ҳаракатланиш ҳам тақиқланади, бундан махсус стикерларга эга бўлган автомобиль эгалари ҳамда ҳаракатланиш учун рухсат талаб этилмайдиган тоифадаги машиналар мустасно.

“Пенсионер ва нафақахўрларнинг саломатлигини сақлаш мақсадида, шунингдек, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсияларига кўра республикадаги эпидемиологик ҳолат барқарорлашгунга қадар май ойидан пенсия ва нафақаларни тўлиқлигича пластик карталарга ўтказиш орқали амалга ошириш чоралари кўрилади. Бунда, барча ҳудудлар нақд пул олиш имконини берувчи банкоматлар билан ҳамда улар нақд пул билан таъминланади”, — дейилади республика махсус комиссиясининг хабарномасида.

Ангрен, Бекобод, Олмалиқ, Чирчиқ ва Янгийўл шаҳарлари 9 апрелдан бошлаб карантинга ёпиб қўйилган ва бу шаҳарларга юк машиналаридан ташқари бошқа автомобилларда кириш ва чиқиш тақиқланган эди. Фарқ шундаки, карантин – белгиланган ҳудудни COVID-19 манбасидан ҳимоя қилишга ҳамда инфекция тарқалишининг олдини олишга қаратилган бўлса, ўзини яккалатиш тартиби – фуқароларнинг инфекцияни ўзларига юқтирмаслик ва ўзгаларга тарқатмаслик мақсадида кўриладиган чоралардан иборат.

Ўзини яккалатиш бўйича мажбурий тартиб 6 апрелдан бошлаб Тошкент, Нукус ва вилоят марказларида киритилган. Яндекс интернет ресурси маълумотига кўра, МДҲ мамлакатлари орасида ўзини яккалатиш индексининг энг юқори кўрсатгичи Тошкентда кузатилмоқда (4,4 балл).

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, 14 апрель куни кечга бориб мамлакатда жами 1165 та коронавирус инфекциясини юқтириш ҳолатлари қайд этилган. Шу куннинг ўзида яна 167 кишининг вирусни юқтириб олгани маълум бўлди. Айни фурсатда Ўзбекистонда касалликдан бутунлай соғайиб кетган одамларнинг сони 99 кишини ташкил этади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ