Тошкентдаги №7 шаҳар килиник шифохонаси ва Мирзо-Улуғбек туманидаги №8 оилавий клиникаси ходим ва беморлари билан биргаликда карантин назоратига олинди. Бу маълумотни республика Бош давлат санитария инспектори Нурмат Атабеков тасдиқлайди, деб хабар беради Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги Telegram-канали.
Бироқ, Атабеков мазкур муассасалар айнан нима учун ёпилгани, уларда COVID-19 инфекциясига чалинганлар бор-йўқлигига ойдинлик киритмаган.
Бундан олдин пойтахтдаги №6 туғруқхона карантинга ёпилгани хабар қилинганди. Ундаги ходим ва беморларнинг барчаси 5 апрелдан икки ҳафта муддатида изоляцияда бўлади. Чунки туғруқхонага ташриф буюрганлардан бирида коронавирус аниқланган.
Ўзбекистонда коронавирусга чалинган биринчи инсон 15 март куни қайд этилган. Шундан сўнг мамлакатдаги барча ўқув даргоҳлари, кинотеатрлар, барлар, кийим бозорлари ёпилди, масжидларда жума намозлари бекор қилинди.
27 мартдан қўшни республикалар билан юк ташувчи транспортдан ташқари барча транспорт алоқалари тўхтатилди. Республика шаҳар ва туманларида автомобиль ва автобус қатновлари чекланди. 6 апрелдан Тошкент, Нукус шаҳарлари ва барча вилоят марказларида «ўзини яккалатиш» тартиби жорий этилди.
14 апрель эрталаб ҳолатига кўра, Ўзбекистонда COVID-19 коронавирусига чалинган одамларнинг сони 1000 дан ошиб кетди. Шу билан бирга 89 та бемор мазкур вирусдан тузалиб кетган, тўрт нафар одам вафот этди.