Ўзбекистон муфтийси Рамазон ойида одамларни жамоа бўлиб ифторлик ўтказмасликка чақирди

Усмонхон Алимов . Ўзбекистон халқаро пресс-клуб фотосурати

Ўзбкистонда мусулмонлардан муқаддас Рамазон ойида жамоа бўлиб ифторлик ўтказмаслик, ибодатларни уйда қилишлик сўралди. Бу каби чекловлар мамлакатда ҳукм сураётган карантин туфайли жорий этилади. Ўзбекистон мусулмонлар идораси матбуот хизматининг хабар беришича, муфтий Усмонхон Алимов «Ўзбекистон 24» телеканали орқали Рамазон ойини ўтказиш бўйича қабул қилинган фатфони эълон қилган.

Фатфога кўра, Рамазон ойида мўмин-мусулмонларга таровеҳ намозларини, Хатми Қуръонларни ўз оила аъзолари билан хонадонларида ўтказиш тавсия қилинган.

Шу билан бирга, қўни-қўшни ва яқин қариндошларни тўплаган ҳолда ифторлик уюштиришлари карантин талабларига зидлиги сабабли бундай маросимларни ўтказиш тақиқланган, ифторлик савобидан умидвор бўлган саховатпеша мусулмонлар бундай маросимлари учун мўлжаллаган маблағларини Ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш марказлари орқали муҳтож оилаларга етказишга чақирилган.

Бундан ташқари, Тошкент , Қорақалпоғистон ва барча вилоят имом-хатибларидан интернет орқали «Рамазон — саҳоват ва сабр ойи» мавзусида маърузалар ўтказиш сўралади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан карантин пайтида Рамазон ойини ўтказиш бўйича Миср Араб республикаси, Саудия Арабистони, Туркиядаги ҳолатлар ўрганилгани, қўшни Қозоғистон, Қирғизистон диний идоралари билан маслаҳатлар ўтказилгани таъкидланади.

Рамазон — мусулмонлар ой календаридаги тўққизинчи ой саналиб, бу йили унинг бошланиши 24 апрелга тўғри келмоқда. Турли давлатларда бу сана бир-икки кунга фарқ қилиши мумкин. Ўтган йили Марказий Осиёнинг барча республикаларида Рамазон ойи бир кунда — 6 майда бошланганди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ