Наманганда ИИО ФМБ 4-сон ИИБ ходими коронавирус ташувчиси бўла туриб, одамларга пенсия тарқатган Халқ банки ходимини ҳақорат қилгани учун ички ишлар органи хизматидан бўшатилган. Бу ҳақда Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигининг Telegram-канали хабар бермоқда.
Наманган шаҳар Халқ банкида ишловчи ходимида 11 апрель куни коронавирус аломатлари бор дея гумон қилинган ва шу билан бирга банк ходими 1 апрелдан 11 апрелга қадар Наманган шаҳрининг олтита маҳалласида пенсия пули тарқатганлиги боис, ушбу ҳудудларда инфекция тарқалишини олдини олиш мақсадида шаҳар ИИО ФМБ ходимларидан иборат олтита гуруҳ тузилиб, нафақа олган фуқароларни хонадонларини карантин назоратига олиш, уларга тушунтириш ишлари олиб бориш бўйича амалий иш ташкил этилди.
Айнан ўшанда ушбу тадбирга жалб этилган шаҳар ички ишлар бўлими ходими ўзи бириктирилган штабда тиббий кийим ва тиббий ниқобда турган ҳолатида ўзини гуруҳ аъзолари билан бирга видеотасвирга олиб, аҳоли орасида ваҳима чиқарувчи ҳамда банк ходимига нисбатан обрўсизлантирувчи ва асоссиз маълумотларни сўзлаб, жами 39 сонияли видеотасвирни телеграм ижтимоий тармоғи орқали танишига юборган , дея ёзади “Газета.Uz”.
“Мен бироз тилимга эрк бериб юбордим, синфдошларим ва яқинларим эҳтиёт бўлишлари учун ушбу видеотасвирни юбордим. Мен шу йўл билан банк ходимини ҳақорат қилмоқчи эмасдим”, — дейди ўзини оқлашга уринган ИИБнинг эндиликда собиқ ходими. У ҳамкасбларидан бу каби ҳолатларга йўл қўймасликка чақирди ва узр сўради.
Шунга қарамай, ходим хизмат интизомини қўпол равишда бузгани ҳамда ички ишлар органи ходимининг шаънига путур етказувчи хатти-ҳаракатлар содир этганлиги учун ИИО хизматидан бўшатилди.
Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълумотига кўра, 13 апрель куни кечқурун республикада коронавирус юқтириб олинишининг тасдиқланган ҳолати 998 тага етди. Соғайиб кетган беморлар – 85 кишини, вафот этганлар тўрт кишини ташкил этмоқда. Айни кунларда 80,3 мингдан зиёд одамлар карантинга олинган, улардан 57,6 минг киши – уйларида ва 22,7 минг киши – стационарда сақланмоқда.