Карантин даврида аёлларни зўравонликдан ҳимоя қилиш мақсадида ишонч телефони ишга туширилди

Pixabay.com сайти фотосурати

10 апрелдан Ўзбекистонда аёлларни зўравонликдан ҳимоя қилиш мақсадида ишонч телефони ишга туширилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенатининг матбуот хизмати хабар беради.

«Шу кунларда дунё мамлакатларида оилавий низолар ва ажримлар сони кўпайиши тенденцияси кузатилмоқда. Карантин даври эса кўплаб оилалар учун жиддий синов пайти бўлмоқда. Эндиликда опа-сингилларимиз телефон рақамлари орқали “Ишонч телефони” операторидан оилада ҳуқуқбузарликнинг олдини олиш масалалари бўйича бепул маслаҳат олишлари мумкин», — дейилади хабарда.

Қуйидаги рақамларга мурожаат қилиш мумкин:

Ҳуқуқшунос +99897 137 26 26; Руҳшунос +998 97 137 27 27; Ишонч телефони оператори +99897 137 24 24

Ишонч телефони” хизмати ҳар куни 8-00 дан 18-00 гача уч ой карантин даврида давомида фаолият кўрсатади.

Карантин пайтида хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Гендер тенгликни таъминлаш комиссияси томонидан БМТнинг Аҳолишунослик жамғармаси (ЮНФПА), Фуқаролик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш маркази билан биргаликда ушбу лойиҳни амалга оширмоқда.

Хитойлик ҳуқуқ ҳимоячиларининг таъкидлашича, коронавируснинг учоғи ҳисобланмиш Хубей провинциясида юз берган зўравонликларнинг 90 фоизи эпидемия даврига тўғри келган.

Рио-де-Жанейро шаҳри судяси Адриана Мелло изоляция тартиби жорий этилганидан сўнг оилавий низолар устидан шикоятлар 40-50% кўпайганини таъкидлайди. Каталонияда аёлларнинг ишонч телефонларига кўнғироқлари 20 фоизга ошган бўлса, Кипрда бундай кўнғироқлар 30 фоизга ошган. Италияда фаоллари карантин давридаги шикоят қўнғироқлари камайгани билан, тушкунлик руҳидаги СМС хабарлар, электрон хатлари кўпайиб кетганини айтадилар.

Карантин даврида аёлларга кўмак бериш учун айрим мамлакатларда қўшимча ишонч телефонлари ишга туширилган. Буюк Британияда эса аёлларнинг тайзиққа учраган пайти карантин қоидаларини бузишига изн берилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ