Андижон вилоятида COVID-19 коронавирусига чалинганларнинг 78 нафари тиббиёт ходимларидан иборат. Бу ҳақда 12 апрель куни вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов маълум қилди, деб хабар беради Daryo.uz.
Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги 8 апрель куни вирусга чалинганларнинг сони 534 кишини ташкил этганда, уларнинг вилоятлар бўйича жойлашуви тўғрисида маълумот берганди. Унда сон жиҳатидан Тошкентдан (196) кейин Андижон вилояти (89) иккинчи ўринни эгаллаганди.
Наманган (57) рўйхатнинг учинчи ўрнида. Вилоятда 13 апрелдан бошлаб карантин қоидалари кескинлашган, одамлар бир кунда уйини бир марта тарк этиши ва ундан 100 метр масофагача йироқлашиши мумкин.
Бундан олдин республика ҳукумати профессионал хизматини ўтаётган вақтда коронавирусни юқтириб олган тиббиёт муассасалари ходимлари ва бошқа хизмат вакилларига 100 млн сўм ($10,5 минг) компенсация пули тўланишини маълум қилганди. Агар тиббиёт ходими оғир аҳволга тушиб, соғлиғини тиклай олмаса, у ҳолда унинг оиласига бир марталик 250 млн сўм ($26,3 тысячи) миқдорида маблағ берилади.
Андижон вилояти марказида Ўзбекистонда биринчи бўлиб COVID-19 коронавируси сабаб одамларнинг шаҳарга кириши ва чиқиши чекланиши қоидаси жорий этилди. Шаҳар чегарасига махсус постлар ўрнатилиб, кириб-чиқаётган барча транспортлар дезинфекциядан ўтказилмоқда. Карантинга олинган одамларнинг дарвозаларига огоҳлантирувчи белгилар қўйилган.
Кейинчалик Ўзбекистоннинг барча вилоятлари ўртасида йўловчи транспорт қатновлари бекор қилинди, Тошкент, Нукус ва вилоят марказларида транспорт қатнови чекланди. Мамлакат аҳолисига ҳимоя ниқобини тақиб юриш мажбурий этилди, республиканинг 14 та шаҳрида «ўзини яккалатиш» тартиби жорий этилди.
Республика Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 13 апрель эрталабки маълумотига кўра, мамлакатда коронавирусга чалинганларнинг сони 8956 кишини ташкил этган, соғайганларнинг сони 66 нафар, вирусдан тўрттта одам ўлган.