Наманган шаҳри ва Учқўрғон тумани ҳудудида 13 апрель соат 06:00дан бошлаб транспорт ва фуқароларнинг ҳаракатланиши бутунлай тўхтатилади. Бу ҳақда Ҳукумат ҳузуридаги Тезкор штабнинг Telegram-лойиҳасида ва Наманган вилоят ҳокимлигининг расмий Telegram-канал канали хабар берди.
Чеклов давомида барча турдаги шахсий ва хизмат автотранспорт воситалари, мототранспорт (скутер), велосипед ҳамда фуқароларнинг ҳаракатланиши бутунлай тўхтатилади. Ҳаракатланиш ҳуқуқи сақлаб қолинадиган ва махсус рухсатномалар талаб этилмайдиган автотранспорт воситаларидан ташқари, саноат корхоналари, фармацевтика, озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи (шу жумладан уларни етказиб берувчи ва аутсорсинг хизматлари), экспортёр корхоналар, қишлоқ хўжалигида жалб этилган (ишчи-ходим ва техника)лар, шунингдек уларга тегишли фақат юк ташишга ихтисослашган «Damas» (Van ва Labo) русумли автомашиналари бундан мустасно.
“Ҳаракатланиш тўхтатилган давр мобайнида қайд этилган ҳудудларда яшовчи фуқаролар фақат истисно тариқасида яшаш уйидан 100 метр атрофидаги савдо нуқталарига кунига бир маротаба чиқиб, ҳаётий зарур эҳтиёжлар — озиқ-овқат, дори-дармон, тиббий буюм ва воситалар харид қилишига рухсат берилади”, — дейилади баёнотда. Наманган шаҳри ва Учқўрғон тумани маҳаллалар ҳудудларидаги, Қайқи қишлоғи ҳудудидаги озиқ-овқат дўконлари, дорихоналар, Наманган шаҳридаги «Чорсу» ва «Яшил» деҳқон бозорлари фаолият кўрсатишга давом этади.
Ҳокимлик фуқароларнинг карантин даврида жорий этилган тартиб ва қоидалар ҳамда “ўзини яккалаш” ҳаёт тарзига зид равишда сабабсиз уйдан ташқарига чиқиши, жамоат жойларида бўлиши Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 54-моддасига (“Эпидемияларга қарши кураш қоидаларини бузиш”) мувофиқ маъмурий жавобгарликка сабаб бўлиши ҳақида огоҳлантирмоқда.
Наманган вилояти ҳокимлигининг Telegram-каналида вилоят ҳокими Хайрулло Бозоровнинг мурожаати чоп этилган бўлиб, унда сўнгги уч кун давомида COVID-19 коронавирус инфекциясини юқтириб олган олти нафар бемор аниқланганини ва шу билан бирга, касаллик манбаси шу чоққача аниқланмаганини маълум қилди. “Газета.Uz” қайд этишича, ҳоким таассуф билан баъзи фуқароларнинг юқори тана ҳароратини ҳамда коронавируснинг бошқа аломатларини оддий шамоллаш дея қабул қилиб, ўзларини ўзлари даволашга уринаётганларини ва натижада атрофидагиларга ҳамда уларнинг аҳволи ёмонлашганда ёрдам беришга етиб келган шифокорларга ҳам ўз касалликларини юқтираётганларини билдирди.
Ҳоким тақдим этган маълумотга кўра, вилоятда 65 нафар беморда коронавирус инфекцияси қайд этилган, улардан ўн бир нафари 18 ёш атрофидаги ёшлар, етти нафари 60 ёшдан юқори қариялар ва ҳатто икки ойлик чақалоқ ҳам бор.
Ўзбекистонда 12 апрель куни коронавирус юқтириб олган одамларнинг сони 98 тага кўпайиб, 865 кишини ташкил этади. Бугунги куннинг ўзида 24 киши коронавирусдан соғайиб кетди, тузалиб кетганларнинг умумий сони 66 тага етди, тўрт киши вафот этди. Фарғона вилоятининг Ёзёвон туманидан Умра зиёратига Маккага бориб қайтган 59 ёшли аёл COVID-19 инфекциясидан жон берган беморларнинг охиргиси бўлди.