COVID-19 инфекциясини юқтириб олган шахсларни ҳақорат қилган одам жарима тўлашига тўғри келади

Pixabay.com сайти фотосурати

Ўзбекистонда COVID-19 коронавирус инфекцияси билан касалланиб тузалган ёки карантинда ётган шахсларни ҳақорат қилгани, шаъни ва қадр-қимматига путур етказгани ҳамда уларнинг шахсий ҳаёти тўғрисидаги маълумотларни тарқатганлик учун маъмурий жавобгарлик киритилди. Бу ҳақда республика ҳукумати ҳузуридаги Оператив штабнинг Telergam-каналида маълум қилинмоқда.

Короновирусдан тузалган ёки карантинда бўлган шахсни биринчи марта ҳақорат қилганлик, шаъни ва қадр-қимматига путр етказганлик, камситганлик, унинг шахсий ҳаёти тўғрисидаги маълумотларни тарқатганлик учун 9 миллион сўмгача ($937) маъмурий жарима белгиланган. Агар, маъмурий жазо қўлланилганидан сўнг ушбу қилмиш такроран содир этилса, айбдорга 22,3 млн. сўмгача ($2322) жарима ёки 300 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари каби жиноий жазо қўлланилиши мумкин.

Бундан ташқари, фуқаронинг шахсий ҳаётига доир маълумотларни қонунга хилоф равишда ошкор қилиш оғир оқибатларга олиб келса, айбдор 44,6 млн сўм ($4645) жарима ёки 360 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки 3 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев март ойида қонунчиликка коронавирус ҳақида ёлғон маълумот тарқатганлик учун уч йилга озодликдан маҳрум этишгача бўлган жазони қўллаш кўзда тутиладиган жиноий жавобгарликни киритган эди. Telegram мессенжерида Ўзбекистонда COVID коронавируси ҳақидаги барча фейк (ёлғон) янгиликлар жамланган канал ишга туширилди.

Шунингдек, республикада жамоат жойларида медицина ниқоби тақмай юрган одамларни ҳамда ҳаракатланишга рухсат берувчи стикерсиз автомобиль бошқарган ҳайдовчиларни ҳам жаримага тортишлари мумкин. Қоидабузарлар Маъмурий ҳуқуқбузарликлар кодексининг 54 моддасига биноан (“Эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузиш”) энг кам иш ҳақининг беш баробари миқдорича жаримага тортиладилар.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, республикада 12 апрель куни коронавирус юқтириб олган одамларнинг сони 32 тага кўпайиб, 865 кишини ташкил этган, тўрт киши вафот этган.

Жон Ҳопкинс университетининг маълумотига кўра, дунё бўйича коронавирус юқтирганларнинг сони 1,8 миллиондан ошиб кетди, ўлганлар сони 114 мингга яқинлашди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ