Ўзбекистонда COVID-19 инфекциясидан вафот этган бемор умрадан қайтган 59 ёшли аёл эди

Pixabay.com сайтидан олинган иллюстратив фотосурат

Ўзбекистонда COVID-19 коронавирус инфекциясига чалинган тўртинчи бемор вафот этди, дея хабар беради Podrobno.uz.

Фарғона вилояти Ёзёвон туманида яшовчи фуқаро жорий йил 25 март куни вилоят юқумли касалликлар шифохонасига ётқизилган эди. 59 ёшли бемор аёлнинг таҳлил натижалари коронавирус инфекцияси мавжудлигини тасдиқланди. 31 март куни уни сунъий нафас олиш аппаратига улашган. Беморда ўпканинг сурункали обструктив касаллиги, гипертония 3-босқич, артериал гипертензия 3-даражаси хавфи ўта юқори бўлганлиги сабабли касаллик оғир кечиб, у 12 кун давомида сунъий нафас олиш аппаратида бўлган.

Аммо 11 апрель куни кечки пайт беморнинг аҳволи кескин ёмонлаша бошлаган. Унга қатор соҳа мутахассислари томонидан ўтказилган шошилинч реанимацион муолажалар кўрсатилган. Лекин стандарт асосида олиб борилган чора-тадбирларга қарамасдан беморда ўткир респиратор дисстрес синдроми, ўткир нафас етишмовчилиги ҳамда ўпка-юрак етишмовчилиги натижасида биологик ўлим қайд этилди.

Маълум бўлишича, бемор аёл Умра сафарида бўлиб қайтган. Олдинроқ Саудия Арабистонидаги Маккадаги Ал-Ҳаром масжидидан (бу ерда Исломнинг асосий зиёратгоҳи –Каъба жойлашган) бошқа барча масжидлар COVID-19 коронавирус инфекцияси тарқалиши таҳликаси остида ёпиб қўйилгани хабар берилган эди.

Ўзбекистонда 12 апрель соат 15:30 ҳолатига коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 833 нафарни ташкил қилмоқда. Ҳозирга қадар бу беморларнинг 42 нафари соғайган бўлса, 4 нафари ҳаётдан кўз юмди.

Жон Ҳопкинс институти маълумотига кўра, 12 апрель куни дунёда 1 771 514 коронавирус инфекциясига чалиниш ҳолатлари аниқланган, улардан 402 110 нафари соғайиб кетган ва 108 503 киши ўлган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ