Тошкентда одамлардан қон қабул қилиб олиш мобил пунктлари ишга тушди. Республика қон қуйиш маркази томонидан ташкиллаштирилган сайёр медиклар бригадаси 10 ва 11 апрель кунлари кўнгилли донорлардан қон қабул қилиб олади, деб хабар беради «Город говорит: «Ташкент, домой!» Telegram-канали.
Акциянинг биринчи куни қон қабул қилиш пунктлари Нукус кўчасидаги № 94 мактаб олдида ва НБУ спорт мажмуаси яқинида бўлади. Тахминан 11 апрель куни шифокорлар навбат билан пойтахтнинг тўртта туманида — Медиапарк (Юнусобод), Қорасу-6 (Макро), Кадишева бозори ва «Роҳат» ҳалқасида навбатчилик қиладилар.
Амалдаги «ўзини яккалаш» тартиби туфайли сайёр бригадалар ҳар бир белгиланган манзилда икки соатдан бўлади ва шу манзилга яқин яшаётган кўнгилли одамларни қон топширишга таклиф қилинади. Медиклар карантинга доир барча қоидаларга риоя қилган ҳолда иш олиб борадилар.
Донор бўлишни хоҳлаган одам паспортини ўзи билан олиши керак бўлади. Эрталабки енгил нонуштадан сўнг қон топширилиши маъқул ҳисобланади. Darakchi.uz хабарига кўра, процедурадан олдин донор қонидаги гемоглобин даражаси текширилади. 400 миллилитргача қон топшириш мумкин. Шундан сўнг кўнгиллиларга чой ва ширинлик таклиф қилинади. Кейинчалик ҳам акцияни такрорлаш кўзда тутилган.
Бундай тадбирларнинг ўтказилишига сабаб, COVID-19 пандемияси даврида вазият қўшимча захира қонга эга бўлишни талаб этади. Айрим ҳолларда шифокорларнинг ўзлари донорлик қилишига тўғри келади, лекин улар керакли қон эҳтиёжини қоплай олмайдилар.
Ўзбекистонда коронавирусга чалинган инсон илк бор 15 март куни аниқланди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, 10 апрель куни мамлакатда коронавирусга чалинганлар сони 624 нафар инсонни ташкил этган, 42 та одам инфекциядан тузалган, уч киши вафот этган.