Самарқанд ҳокимияти сув тошқинига ноқонуний қурилган уйлар сабаб бўлганини таъкидлайди

Самарқанднинг сув тошган кўчалари. Kun.uz сайти фотосурати

Самарқандда селдан сўнг шаҳар кўчаларида сув тошқини юзага келгани сабабларидан бири — сув йўллари бўйига уйларнинг ноқонуний қурилганидир. 10 апрель куни Самарқанд вилояти ҳокимиятининг матбуот хизмати шу маънода хабар берди. Ёғиб ўтган кучли ёмғир оқибатида бутун бошли кўчаларда сув тошқини юзага келган.

Мутасаддиларнинг фикрига кўра, селдан сўнг уйларга сув тошишининг энг биринчи сабаби — уйларнинг сув бўйига, ариқлар устига қурилиши ёки йўлдан пастлигидадир. Айни дамда каналлар ёқасида бир пайтлар ноқонуний йўл билан қурилган, аммо кейин расмийлаштирилган 300дан ортиқ уйларни бузиб ташлаш зарурияти пайдо бўлган. Бу жараёнлар судда кўрилмоқда. Шу сабаб ҳокимият Самарқанд аҳолисини оқилона иш тутишга чақиради.

Шу қатори Kun.uz нашри Самарқанднинг «Истиқлол» маҳалласидаги вазиятга доир материални чоп этган. Мазкур маҳалла шаҳарнинг қуйи қисмида жойлашгани сабаб, ҳар қандай сел, ёмғир бу ердаги уйларни сувга бостириши мумкин. Яқинда бўлиб ўтган кучли ёмғир оқибатида кўча ва уйларни сув босиб кетган. Карантин туфайли одамларнинг эркин ҳаракатлана олмаслиги муаммони янада кескинлаштирган.

Маҳаллий аҳолининг сўзларига кўра, ҳокимият одамларга ойига 1 миллион сўм ижара эвазига вақтинча бошқа хонадонларда яшаб туришни таклиф этган. Бу суммани шаҳар маъмурияти ўз ҳисобидан тўлайди. Бироқ, карантин шароитида бундай хонадонларни топиш амри маҳол. Ҳозирда Самарқандда ижара пули $150-200 атрофида. Одамларнинг айтишича, биров хонадонини миллий валютада ижарага беришни хоҳламайди. Самарқанд ҳокимияти табиий офатдан зиён кўрган одамларга кўмак бериш ниятида ишчи гуруҳини тузган. Ҳозирча «Истиқлол» маҳалла аҳли ҳокимиятдан бирорта реал ёрдам олгани йўқ.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ