COVID-19 инфекциясига чалинган илк бемор аёл соғайиб кетди

Соғайган беморга табриклар . Minzdrav.uz сайти фотосурати

Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазирлиги 9 апрель куни COVID-19 коронавирус инфекциясига чалинган фуқаролар орасида яна 8 нафари касалликдан буткул фориғ бўлганини маълум қилди. ЎзА аниқлик киритишича, уларнинг орасида Франциядан келган, Ўзбекистонда илк бемор сифатида қайд этилган фуқаро ҳам бор.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати қайд этишича, соғайган саккиз нафар беморни вазирлик раҳбари Алишер Шодмонов табриклаб, фурсатдан фойдаланган ҳолда шифокорларга фидокорона меҳнати учун миннатдорчилигини билдирди. Тузалганлар Вирусология илмий-текшириш институти клиникасидан Республика ихтисослаштирилган терапия ва тиббий реабилитация илмий-амалий тиббиёт марказига кузатилди.

COVID-19 инфекциясини юқтириб, илк бемор сифатида қайд этилган аёл Франциядан 11 март куни Ўзбекистонга келган эди. Шифокорлар унда инфекция борлигини 15 март куни аниқладилар. Ўша куннинг ўзида унинг турмуш ўртоғи ва набирасида ҳам инфекция борлигини аниқладилар. Кейинроқ эса уларга яна бир қариндоши қўшилди.

Интернетда биринчи рақамли бемор аёл тест натижаларини кутётган ҳолатда ўнлаб одамлар билан мулоқотда бўлгани ва ҳатто тўйга бориб келгани ҳақида маълумотлар тарқалди. Бироқ аёлнинг ўзи ижтимоий тармоқлар орқали бу миш-мишларни инкор этиб, фақат ўзининг оила аъзолари билан мулоқотда бўлганини билдирди.

Коронавирус инфекцияси юқтирилишининг биринчи ҳолати аниқланган куннинг эртасига Ўзбекистонда карантин эълон қилинди. Расмийлар чегараларни ёпиб, таълим муассасалари ва кўнгилочар масканларининг ишини тўхтатиб қўйдилар, халқаро авиация, темир йўл ва автомобиль алоқалари узиб қўйилди. Кейинроқ Тошкентда, Нукусда ҳамда республиканинг қолган вилоят марказларида ўзини яккалатиш (самоизоляция) тартиби жорий этилди.

Ўзбекистонда 9 апрель ҳолатига кўра, COVID-19 коронавирус инфекциясининг юқтириш ҳолатлари 582 тага етди, шу билан бирга 38 нафар бемор тузалиб кетди ва учтаси ўлди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ