Тошкент, Нукус шаҳарлари ва барча вилоят марказлари аҳолиси учун «ўзини яккалаш» ҳаёт тарзи даврида уй ҳайвонлари (уй итлари)ни уйдан 100 метр атрофида кунига бир маротаба сайр қилдиришга рухсат берилади. Мамлакатда коронавирусга қарши кураш бўйича республика махсус комиссияси шундай қарор қабул қилди, деб хабар беради Адлия вазирлигининг Telegram-канали.
Фуқароларнинг карантин даврида жорий этилган тартиб ва қоидалар ҳамда “ўзини яккалаш” ҳаёт тарзига зид равишда сабабсиз уйдан ташқарига чиқиши, жамоат жойларида бўлиши ҳам МЖтКнинг 54 моддаси («Эпидемияларга қарши кураш қоидаларини бузиш») мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади.
Бу моддага мувофиқ фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 бараваридан 30 бараваригача, мансабдор шахсларга эса — ўттиз бараваридан эллик бараваригача миқдорда жарима солинади. Ҳозирда битта БҲМ — 223 минг сўмни ($23,4) ташкил этади. Уй ҳайвонларига доир янги қоидалар эълон қилинмасидан олдин Ички ишлар вазирлигининг ахборот хизмати раҳбари Шоҳруҳ Гиёсов итларни сайр қилдиришга доир қоидаларни тушунтириб ўтганди. Унга кўра, уй ҳайвонларини сайр қилдириш ман этилмайди, лекин бунда эҳтиёт чораларини кўриш лозим: яшаётган уйдан йироқлашмаслик, ҳайвон жағига махсус тўқима кийдириш ва унинг кетидан йиғиштириш талаб этилади. Мулозим орган ходимлари қоидалар бузилганда одамларни огоҳлантиришдан ташқари уларни маъмурий жавобгарликка тортиши мумкинлигини айтиб ўтди.
6 апрелдан бошлаб Тошкент, Нукус ва барча вилоят марказлари аҳоли учун «ўзини яккалаш» ҳаёт тарзи мажбурий равишда жорий этилди. Koronavirus Info Telegram-канали COVID-19 инфекциясига қарши кураш бўйича республика махсус комиссиясининг қарорига таянган ҳолда хабар беришича, фуқароларнинг уйларини тарк этиши чекланади. Яқин дўкон ва дорихонадан озиқ-овқат ва дори воситаларини сотиб олиш, шифокорга учраш ва ишга бориш зарурати бундан мустасно. Аввал бу каби чоралар фақат 65 ёшдан юқори фуқаролар учун мажбурий эди. Бундан ташқари, одамлардан кўчада юрганда ва жамоат жойларида икки метрли масофани ушлаб туриш талаб этилади.
Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълумотларига кўра, 9 апрель ҳолатига Ўзбекистонда 555 нафар инсон коронавирусга чалингани аниқланган, 30 киши инфекциядан даволаниб тузалган, уч киши вафот этган.