Тошкентдаги №6 туғруқхонанинг ходимлари ва беморлари 5 апрелдан карантинга олинган. Бу ҳақида бош санитария инспектори Нурмат Отабеков 9 апрель куни АOKА ҳузурида ташкил этилган штабдаги брифингда маълум қилди, деб хабар беради Daryo.uz.
«Бемор билан мулоқотда бўлган бир кишида коронавирус аниқланди. Шунинг учун туғруқхона мажмуаси 14 кунга карантинга бутунлай ёпилди. Барча беморлар, туққан аёллар, болалар ва персонал тиббий кузатувга олинади. 14 кунлик карантиндан кейин туғруқхона персонали, мижозлари, болалар орасида коронавирус инфекцияси йўқлиги аниқланса, карантин бекор қилинади», — дейди Нурмат Отабеков.
Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси хориждан қайтгач карантинга жойлаштирилган одамлардан ва улар билан мулоқотда бўлган фуқаролардан аниқланмоқда. Сўнгги ойда четдан 16 мингдан ортиқ ўзбекистонлик қайтиб келди. Уларнинг бир қисми чартер авиарейслари, қолганлари темир йўл транспорти орқали кириб келганлар.
Отабеков раҳбарлигидаги Давлат санитария-эпидемиология инспекциясининг асосий мақсади «беморлар билан мулоқотда бўлган шахслар орасида беморларни қидириш, вирусга чалинганларни изоляция қилиш, кейинчалик шу ўчоқни ликвидация қилиш»дир.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, 9 апрель ҳолатига Ўзбекистонда коронавирусга чалинганларнинг сони 555 нафар одамни ташкил этган, 30 киши инфекциядан даволаниб тузалган, уч киши вафот этган.