Ўзбекистон вилоятларидаги тижорат банклари аҳолига нақд пул бермай қўйган, шунинг учун банкоматлар олдида улкан навбатлар ҳосил бўлмоқда. Бундан манзарани Андижон, Наманган, Жиззах ва Сурхондарё вилоятларининг туман ва шаҳарларида кузатиш мумкин, деб хабар беради «Озодлик» радиоси.
Наманган вилоятининг Чортоқ туманидан нафақахўр Абдулла аканинг айтишича, тўрт кундирки тумандаги банкоматлардан нақд пул олиб бўлмаяпти, банкдагилар тушум йўқлигини айтишади, плактикка эса озиқ-овқатлар қиммат, бозорларда фақат нақд пулга савдо қилишади.
«Озодлик» суҳбатлашган бошқа одамлар эса савдогарлар бир хил товарга турли нарх қўйиб сотаётганларидан шикоят қиладилар: картага қимматроқ, нақд пулга арзонроқ нарх қўйилган.
Республиканинг айрим вилоятларида одамлар UzCard карталаридан нақд пул ечиб бўлмаётганидан шикоят қиладилар. Шу билан бирга Humo картасидан муаммосиз нақд пул ечиб олиш мумкин. Шунинг учун Humo карталарига ишлайдиган банкоматлар олдида турнақатор навбатлар пайдо бўлганини айтади жиззахлик одам.
Турли вилоятларда тадбиркорлар оптом бозорларидаги озиқ-овқат маҳсулотлари савдоси фақат нақд пулга амалга оширилаётганини айтадилар. Банклар пластик карталардан нақд пулларни ечмай қўйгани боис савдогарлар мижозларга товарларни «қоғоз пул»га сотишга мажбур бўлмоқдалар. Бўлмаса, товарларни сотиб олиш имконсиз, бизнес тўхтаб қолиши мумкин.
«Ҳамкорбанк», «Асака банк», «Халк банк» ва «Агробанк» ходимлари нақд пуллар борасида муаммолар борлигини тасдиқлайдилар. Улар юзага келган вазиятни карантин чоғида молия ташкилотларига пул тушиши кескин камайиб кетгани билан изоҳлайдилар. Банк ходимлари мижозлардан плактик карта орқали савдо қилишни маслаҳат берадилар.
Бундан олдин Ўзбекистон Марказий банки аҳолига мурожаат қилиб, унда иложи борича тўловларни прастик карта орқали амалга оширишга чақирган, зеро нақд пуллар коронавирус тарқалишига хизмат қилиши мумкин.
Вирус қоғоз пулларда 3-4 кун яшаши мумкинлиги айтилади. Плактик карталарнинг қулайлиги шундаки, уларга бир пасда антисептик билан ишлов бериш мумкин.
Ўзбекистонда карантин 16 мартдан жорий этилди.
9 апрель эрталабки ҳолатга кўра, республикада 555 нафар одамнинг коронавирусга чалингани қайд этилган.