Ўзбекистонда 9 апрелдан бошлаб карантин даврида автотранспорт воситалари ҳаракатланишига давлат хизматлари марказлари томонидан махсус рухсатнома бериш тўхтатилди. Қарор Ўзбекистонда коронавирус инфекциясининг тарқалишига қарши кураш бўйича Республика махсус комиссияси томонидан қабул қилинган, дея хабар беради Соғлиқни сақлаш вазирлиги Telegram-лойиҳаси ва Адлия вазирлигининг Telegram-канали.
Мазкур санага қадар тақдим этилган рухсатномалар асосида ҳаракатланиш ҳуқуқи сақлаб қолинди. Хабарда айтилишича, ҳозирда кўриб чиқиш жараёнида бўлган аризалар қаноатлантирилмасдан қолдирилади.
Ўзбекистонда шахсий автотранспортда ҳаракатланишга 30 мартдан 20 апрелга қадар чеклов киритилган. Тошкентда, Нукусда ҳамда республиканинг вилоят марказларида ҳамда вилоятлар ўртасида автомобилда ҳаракатланиш махсус стикер олган транспортларга рухсат берилган. Автотранспорт воситалари ҳаракатланишига махсус рухсатномалар талаб этилмайдиган ҳолатларнинг рўйхати қисқартирилиб, алоҳида эълон қилиниши маълум қилинган.
Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси юқтириб олиш ҳолатлари 8 апрель куни 26 тага кўпайиб, айни пайтда 546 тага етган. Касалликдан тузалганларнинг сони 30 тага етган. Жами уч киши вафот этган. Республикада 60 мингдан зиёд киши коронавирус инфекциясига тест топширган. Карантин қоидаларини бузган фуқароларининг сони 35 минг кишини ташкил этади.