Кеча оқшом коронавирус инфекцияси тасдиқланган чирчиқлик 40 ёшли бемор ўпка ва юрак етишмовчилигидан вафот этди, дея хабар беради Соғлиқни сақлаш вазирлигининг матбуот хизмати. Шундай қилиб республикада COVID-19 қурбонларининг сони учтага етди.
31 март куни беморга ихтисослашган тиббий ёрдам кўрсатиш мақсадида республика Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар илмий текшириш институти клиникасига ўтказилган. Зудлик билан амалга оширилган лаборатор таҳлил натижаси унда коронавирус инфекцияси борлигини тасдиқлаган.
Бемор (эркак) ушбу клиниканинг реанимация бўлимида сунъий нафас олиш аппаратига уланган.
Бироқ, қатор соҳа мутахассисларининг ўтказган тезкор реанимацион муолажаларига қарамасдан кеча оқшом беморнинг аҳволи кескин ёмонлашган ва 7 апрелда беморда юрак ва ўпка етишмовчилиги сабаб юрак фаолияти тўхтаган.
Ўзбекистонда коронавирусдан ўлган биринчи одам наманганлик 72 ёшли аёл бўлди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, аёлнинг ўлимига миокард инфаркти сабаб бўлган. Орадан бир кун ўтиб, 39 ёшли яна бир бемор оламдан ўтди. У Франциядан учиб келган ва илк бор коронавирусга чалингани аниқланган аёл билан контактда бўлган. Номаълум сабабларга кўра, врач Тез тиббий ёрдамга мурожаат қилмайди, уйда даволанишга қарор қилади.
Шунингдек, Америкада коронавирусга чалинган учта Ўзбекистон фуқароси оламдан ўтди.
Ўзбекистонда илк бор коронавирусга чалинган одам 15 март куни аниқланган. 8 апрель эрталабки маълумотларга кўра, республикада вирусга чалинган одамларнинг сони 534 нафарни ташкил этади. Учта бемор вафот этган, 30 нафари тузалиб кетган, бир неча одамнинг аҳволи оғир саналади.