Футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоасининг ярим ҳимоячиси, Хитойнинг “Шанхай СИП” жамоаси футболчиси Одил Аҳмедов Ўзбекистондаги тиббиёт муассасалари учун зарур воситаларни тақдим қилди, деб хабар бермоқда “Дунё” ахборот агентлиги.
Ўзбекистон Республикасининг Пекиндаги элчихонаси ва Шанхай шаҳридаги Бош консулхонаси кўмагида яқин кунларда тиббий комбинезонлар, ҳимоя кўзойнаклари ва юз ҳимоя ниқоблари республикага етказилади.
Шанхайга март ойининг охирида етиб келган Аҳмедов 3 апрель куни Sport.Ru нашрига интервьюда шундай деганди: “Бу ерда ҳозир ҳаммаси жойида, Хитой вирусни деярли енгди. Ўйлашимча, бу ерда вируснинг куни битганга ўхшаяпти. Вирус бу ердан узил-кесил кетганида, ҳаммаси ўз ўрнига тушиб қолади ва биз тез орада футбол ўйнашни бошлаб юборамиз”. Футболчининг тахмин қилишича, Хитойда футбол чемпионати май ойининг охирида қайта бошланиши кутилмоқда.
Тиббий ниқоблар ҳамда махсус либослар тайёрлаш учун зарур бўлган 40 тоннадан зиёд хом ашё Хитойдан чартер рейс билан 5 апрель куни Ўзбекистонга келтирилди. UzDaily хабар беришича, шу ойдан бошлаб хом ашёни темир йўл ва автомобиль транспортида етказиб бериш ташкил этилади.
Хитойда декабрда бошланган эпидемия феврал ойида энг авжига чиқди. Хубэй провинциясида қўлланган карантин чоралари туфайли 19 март кунидан бошлаб мамлакатда янги касаллик юқтиришлар ҳолатлари қайд этилмай қолди, шифокорлар фақат ташқаридан келган инфекцияларга тўқнаш келдилар.
Пандемиянинг манбасига айланган Ухань шаҳрида 7 апрель куни бирорта ҳам бемор COVID-19 инфекциясидан вафот этгани йўқ. 8 апрель кечасига эса расмийлар шаҳардан чиқишга рухсат бердилар. Шу билан бирга, Хитойда инфекциянинг ташқаридан олиб кириб келиши таҳликасининг олдини олиш учун қуруқликдаги чегараларни қўриқлаш кучайтирилди.
Хитойнинг қўшниларида эса эпидемия энди бошланаётгани кузатилмоқда. Қозоғистонда COVID-19 инфекцияси юқтирилишининг 697 та ҳолати тасдиқланган, Ўзбекистонда коронавирус ҳолатларининг қайд этилишлари 7 апрелга келиб 520 тага, Қирғизистонда эса 228 тага етган.
АҚШда бир кеча-кундуз давомида 1,7 минг киши коронавирусдан ўлиб, ўзига хос антирекорд ўрнатди, ушбу буюк мамлакатда жами 12,7 минг киши вафот этган. Энг кўп ўлим ҳолатлари Нью-Йоркда (4 009) қайд этилган. Жон Ҳопкинс университетининг маълумотига кўра, АҚШ ҳудудида жами 398 мингдан зиёд одамлар COVID-19 инфекциясини юқтириб олишган.
Инфекция қурбонлари бўйича ҳамон Италия (17 127 та ўлим) ва Испания (14 045 та ўлим) етакчилик қилмоқда.