Хитой Мудофаа вазирлиги илк бор Ўзбекистонга J-10CE кўп мақсадли қирувчи самолётлари етказиб берилганини расман тасдиқлади. Бу ҳақда sina.com.cn хабар берди.
24 сентябрь куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида журналистнинг самолётларни Ўзбекистон Ҳарбий-ҳаво кучларига етказиб бериш якунлангани ҳақидаги саволига жавоб берган Хитой Мудофаа вазирлигининг расмий вакили Цзян Бинь Хитой ва Ўзбекистон, шунингдек, икки мамлакат қуролли кучлари ўртасидаги муносабатлар дўстона хусусиятга эга эканини таъкидлади.
Унинг сўзларига кўра, томонлар ўртасида ҳарбий-техникавий ҳамкорликнинг меъёрий ривожланиши халқаро ҳуқуқ ва халқаро амалиётга мос келади ҳамда учинчи бир давлатга қарши қаратилмаган.
Шу тариқа, Ўзбекистон Покистондан кейин J-10CE қирувчи самолётларининг иккинчи хорижий буюртмачиси ва операторига айланди.
J-10CE самолёти Chengdu Aircraft Corporation томонидан ишлаб чиқилган 4,5-авлодга мансуб Хитой кўп мақсадли қирувчи самолётининг экспорт версиясидир. Самолёт фаол фазали антенна панжарасига эга борт радиолокация станцияси ва замонавий радиоэлектрон кураш мажмуаси билан жиҳозланган. У ҳавода устунликни қўлга киритиш, шунингдек, ердаги нишонларга зарба бериш вазифаларини бажара олади.
Самолётлар етказиб берилгани 2026 йил август ойи охиридаёқ амалда тасдиқланган эди. Ўшанда Ўзбекистон давлат телевидениеси биринчи марта миллий Ҳарбий-ҳаво кучларининг таниш белгилари туширилган камида олтита J-10CE қирувчи самолёти тасвирланган кадрларни намойиш этганди. Кадрлар мамлакат мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан намойиш қилинган. Самолётлар Қарши-Ханобод авиабазасида кўрсатилган.
Ўзбекистон буюртма қилган қирувчи самолётларнинг аниқ сони расман ошкор этилмаган. Гап умумий қиймати қарийб 1 миллиард доллар бўлган 24 та самолёт ҳақида бораётган бўлиши мумкин, бироқ бу рақамлар расман тасдиқланмаган. Бир қирувчи самолётнинг тахминий нархи қурол-яроғ ва шахсий таркибни ўқитиш харажатларини ҳисобга олмаган ҳолда 40–50 миллион долларни ташкил этади.
Мавжуд маълумотларга кўра, Ўзбекистон жанговар авиация паркини зудлик билан янгилаш зарурати туфайли Хитой қирувчи самолётларини танлаган. Ўзбекистон Ҳарбий-ҳаво кучларидаги асосий жанговар самолётларнинг ўртача ёши тахминан 37 йил деб баҳоланмоқда. Қуролланишда бўлган Су-27 қирувчи самолётлари конструкциянинг эскириши ва эҳтиёт қисмлар етишмаслиги сабабли тахминан 2020 йилда эксплуатациядан чиқарилган. Қолган МиГ-29 қирувчи самолётлари ва Су-25 ҳужум самолётларининг ҳам хизмат муддати тугаши яқинлашмоқда.
Аввалроқ Ўзбекистон Россиянинг Су-30СМ самолётларини харид қилиш имкониятини кўриб чиққан, Москва билан музокаралар 2017 йилдан бери олиб борилган эди. Бироқ, якунда Хитой техникаси фойдасига қарор қабул қилинган. Бунда J-10CE самолётининг жанговар тажрибаси ҳам роль ўйнаган. 2025 йил май ойида Ҳиндистон ва Покистон ўртасидаги ҳаво тўқнашуви даврида Покистон Ҳарбий-ҳаво кучларининг J-10CE қирувчи самолётлари ҳақиқий жанговар шароитда қўлланилган. Кейинчалик Хитойнинг Давлат мудофаа илми, техникаси ва саноати бошқармаси ушбу самолётлар ҳаво жангида ғалабаларга эришганини расман тасдиқлаган.
Эслатиб ўтамиз, 2018 йилда Ўзбекистонда ҳаво мудофааси кучлари машғулотларида Хитойдан харид қилинган FD-2000 зенит-ракета мажмуалари биринчи марта қўлланилган эди.



