2020/2021 ўқув йилидан бошлаб тиббиёт коллежлари Абу Али ибн Сино номидаги Жамоат саломатлиги техникумлари этиб қайта ташкил этилади ва унинг битирувчилари тиббиёт олий таълим муассасаларининг 2-курсидан ўқишини давом эттириш ҳуқуқига эга бўлади, деб хабар беради Kun.uz президент Шавкат Мирзиёев имзолаган «Тиббий-санитария соҳасида кадрларни тайёрлаш ва узлуксиз касбий ривожлантиришнинг мутлақо янги тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорга таянган ҳолда.
Президент қарорига кўра, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб 47та тиббиёт коллежларини Абу Али ибн Сино номидаги Жамоат саломатлиги техникумлари этиб қайта ташкил этилади.
Вазирлар Маҳкамаси икки ой муддатда техникумлар фаолиятини самарали ташкил қилиш бўйича Комплекс дастурни ишлаб чиқади.
Абу Али ибн Сино номидаги Жамоат саломатлиги техникумларининг моддий-техник базасини янада кучайтирилади, амалиёт хоналарини белгиланган нормативларга асосан жиҳозланади, ўқув-симуляцион аудиторияларни ташкил этилади, валеология, тиббий психология, нутрициология, диетология, фармакология, кинезиология, реабилитология, профпатология фанлари чуқурлаштирилган ҳолда ўқитилади.
Бундан ташқари тиббиёт олий таълим муассасаларининг юқори малакали профессор-ўқитувчиларини жалб қилган ҳолда Абу Али ибн Сино техникумларида масофавий таълим орқали дарс машғулотларини ўтказилади.
Жорий йилнинг февраль ойида президент Мирзиёев тиббиёт коллежлари ўрнида Ибн Сино номидаги мактабларни ташкил этиш, унда кимё ва биологияга кўпроқ эътибор бериш зарурияти ҳақида гапириб ўтганди.
Президентга кўра, мавжуд тиббиёт коллежларидаги дарслар ва амалиётлар замонавий талабларга жавоб бермайди.