Ўзбекистоннинг барча вилоятларида COVID-19 инфекциясига чалинганлар аниқланган

Нурмат Отабеков . Kun.uz сайти фотосурати

Ўзбекистоннинг барча вилоятларида коронавирус инфекциясига чалинган одамлар аниқланган. Бу ҳақда Республика бош давлат санитария инспектори Нурмат Отабеков маълум қилди, деб хабар беради ЎзА.

Отабековнинг сўзларига кўра, коронавирусга чалинган беморлар Тошкент шаҳридан ташқари яна 8 та вилоят юқумли касалликлар шифохоналарида даволанмоқдалар. Бу беморлар Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда доимий яшайдиган фуқаролардир. Улар қайси чартер рейс билан қаерга олиб келинган бўлса, айнан шу ерда тиббий кузатувга олинган, беморлар эса тегишли тиббий муолажаларни олмоқдалар.

Ўзбекистонда коронавирус касаллиги билан рўйхатга олинган беморлар сони 472 нафарни ташкил этган. Вирусология илмий-текшириш институтидан олинган маълумотга кўра, ушбу институт клинкасида даволанаётган 92 беморнинг 23 нафарида пневмония белгилари кузатилган, 5 нафарининг аҳволи оғир, деб баҳоланмоқда. Эпидемиология-микробиология ва юқумли касалликлар илмий текшириш институтида даволанаётган 66 бемордан 1 нафарининг аҳволи ўрта оғирликда, 1 нафариники эса ўта оғир.

Бундан олдин, яъни мамлакатда коронавирусга чалинганлар сони 400 нафардан ошмаган пайтда Соғлиқни сақлаш вазирлиги мижозлар ҳақида маълумот берганди. Унга кўра, инфекцияни энг кўп юқтирган одамлар Тошкентда (147), Андижонда (71), Наманганда (42), Тошкент вилоятида (29), Фарғона (24) ва Самарқанд (21) вилоятларида қайд этилган. Вазирлик раҳбар Алишер Шодмоновнинг Тошкент вилоятида бир одам карантин тартибини бузиб 52 та одамга вирус юқтиргани борасида хатоликка йўл қўйганига аниқлик киритди.

Ташқи ишлар вазирлигининг маълумотларига кўра, хорижда бўлиб турган ўзбекистонликлар орасида 23 одамда коронавирус борлиги аниқланган. Улардан уч киши (барчаси – Нью-Йоркда) вафот этган. Вирусга чалинганларнинг энг кўпи АҚШда аниқланган — ўн киши. Бешта ўзбекистонлик Покистонда, иккитаси Қозоғистонда вирус юқтирган. Арманистон, Австрия, БАА, Жанубий Корея, Россия ва Таиландда биттадан ўзбекистонлик коронавирусга чалинган.

Ўзбекистонда коронавирусга чалинган биринчи одам борлиги аниқланганидан кейин 16 март куни мамлакатда карантин элон қилинди.

Республика ўз чегарасини ёпди,мамлакатда маориф муассасалари фаолияти тўхтатилди, барча жамоат транспортлари ҳаракати бекор қилинди. Одамлардан ҳимоя ниқобларини тақиш сўралмоқда, карантин қоидаларига риоя қилмаганлар жавобгарликка тортилади.

COVID-19 коронавирус инфекцияси тарқалиши муносабати билан 6 апрелдан бошлаб бутун мамлакат ҳудудида «ўзини яккалаш» ҳаёт тарзи мажбурий равишда жорий этилди.

Тошкентда, Нукусда ҳамда вилоятлар марказларида фуқароларга ўзларининг яшаш ҳудудидаги савдо нуқталарида биринчи галдаги ҳаётий зарур бўлган эҳтиёжлари (озиқ-овқат, дори-дармон, тиббий буюм ва воситаларни харид қилиш ва бошқалар) учун ва шифокор кўригига мурожаат этишдан бошқа мақсадларда ҳамда иш жойига бориши ва келиши билан боғлиқ ҳолатлардан ташқари уйдан чиқишлари қатъиян чекланади. Аввал бу каби чоралар фақат 65 ёшдан юқори ҳамда сурункали касалликлар билан оғриган фуқаролар учун мажбурий этилганди.

Тошкент вақти билан соат 15.00 да мамлакатда коронавирусга чалинганлар сони 504 нафар одамни ташкил этди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ