Ўзбекистон прокуратураси Фарғона вилояти Ёзёвон туманида ҳомиладор аёлнинг вафоти ҳолати бўйича (“Касб юзасидан ўз вазифаларини лозим даражада бажармаслик”) жиноят иши қўзғатган, дея маълум қилади республика Бош прокуратурасининг Telegram-канали.
Назорат органи ижтимоий тармоқларда жойлаштирилган Ёзёвон туман тиббиёт бирлашмасининг туғруқ бўлимига оид видеолавҳани ўрганиб чиқиб, шундай қарорга келди. Xabar.Uz сайти аниқлик киритишича, видеода ҳомиладор аёл туғруқ пайтида вафот этгани ҳақида ҳикоя қилинган.
Текширув натижасида аниқланишича, тумандаги Қатортол маҳалласида яшаган 33 ёшли аёл туғруқ пайтида вафот этган, унинг 39 ҳафталик ҳомиласи ҳам нобуд бўлган.
Ҳолат бўйича қатор тергов ҳаракатларини ўтказмасдан туриб, қонуний тўхтамга келиш имконияти йўқли сабабли 4 март куни Жиноят кодексининг 116-моддаси (“Касб юзасидан ўз вазифаларини лозим даражада бажармаслик”) билан жиноят иши қўзғатилган.
Шунингдек, содир бўлган ҳодисани ўрганиш учун Соғлиқни сақлаш вазирининг буйруғига кўра, махсус гуруҳ ташкил этилиб, Ёзёвонга юборилган.
Ўтган йилнинг октябрь ойида Қашқадарё вилоятининг Косон туманида чақалоқ нобуд бўлганидан кейин маҳаллий туғруқхона бўлим мудираси ва доя ишдан бўшатилган, бош врач эса жаримага тортилган эди. Терговчилар хулосасига кўра, улар “масъулиятсизликка йўл қўйиб, янги туғилган чақалоқни режадаги вакцинациясиз туғруқхонадан чиқишига йўл қўйишган”.