Ўзбекистонда коронавирусга чалинганлар сонининг кескин ортиши одамларни тестдан ўтказиш қамровининг кенгайтирилгани билан изоҳланади. Бу ҳақда «Ўзбекистон 24» телеканалига республика Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов гапириб берди, деб хабар беради «Газета.uz».
Бундай чораларнинг самарадорлигини вазир Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ва БМТ вакиллари хулосаларига таяниб изоҳлайди: «Одамлар тезда тестдан ўтказилган, вирусга чалинганларни ўз вақтида изоляция қилиниб, шифохонага ётқизилган мамлакатда натижа бўлади, касаллик тарқалишининг олди олинади».
Шодмонов сўзларига кўра, 5 апрель куни барча карантин зоналари ва аҳолининг гумон қилинган қамлами орасида COVID-19 га доир 4700 та тест ўтказилган. Оқибатда коронавирусга чалинган 76 нафар одам аниқланган. 6 апрель эрталаб мамлакат бўйича вирусга чалинганларнинг сони 390 одамни ташкил этди.
Вазир коронавирус одамларда инкубацион даврининг турли кунларида аниқланаётганини таъкидлади. «Бу инсонни 14 кунга карантинга олиш зарурати тўғри эканини кўрсатади. Бугунга келиб 50 676 та одам карантин назоратидан чиқарилди, уларда касаллик аниқланмаган», — деди Шодмонов.
Коронавирусга чалинганларнинг умумий сонидан 123 таси хориждан қайтиб келган, қолганлари улар билан мулоқотда бўлган ёки бошқа сабабларга кўра касалликни юқтирган одамлардир. Шодмонов инфекцияга чалинган инсонларнинг ўз оила аъзоларига, ҳамкасбларига касаллик юқтираётганига бир нечта мисоллар келтирди. Мисол учун, Андижонда 27 мартда коронавирус борлиги аниқланган инсон 46 та одамга вирус юқтирган. Дастлаб у ўз яқинларига вирус юқтиради, кейин унинг отаси 36 нафар ҳамкасбларига коронавирусни юқтиради, шулардан бири тўрт оила аъзосига касаллик тарқатади.
«Афсус, биринчи мижоз касаллик аломатлари юзага чиққанидан кейин ҳам врачларга мурожаат қилмаган», — дейди Соғлиқни сақлаш вазири.
Тошкент вилояти касалликкка чалинган бир одам иситмаси чиқиб, тинмай йўтала бошлагани билан тўртта ташкилотга бориб, 52 нафар одамга касалликни юқтирган. Яна бир одам касаллигини била туриб учта ташкилотда ишини давом эттирган ва оқибатда 100 дан ортиқ одамга вирус юқтирган. Уларнинг барчаси назорат остига олинган.
«Яна бир мисол — Туркиядан келган эр-хотин шамоллаш симптомлари пайдо бўлган бўлсада, хориждан келганини яширишган. Уларда коронавирус борлиги аниқланганидан кейин кўзда ёш билан касалликни беркитишганини тан олишган. Оқибатда уларнинг барча оила аъзолари коронавирус билан касалланган», — дейди Шодмонов.
Вазир барча ўзбекистонликларни карантин ва ўзини яккалаш тартибларига риоя қилишга чақиради. «Агар биз икки ҳафта уйда ўтирсак, ҳаммаси ўтиб кетади. Биз биринчи навбатда оила аъзоларингизни қутқариб қоламиз. Оила аъзоларингизни ҳам қучоқламанг, улар билан масофадан туриб мулоқотда бўлинг», — дея тавсия беради вазир.
Соғлиқни сақлаш вазирлигининг сўнгги маълумотларига кўра, 390 нафар коронавирусга чалинган одамларнинг 188 таси эркак ва 202 нафари аёл кишидир. Улар турли ёшга мансуб. Вирусга чалинганларнинг 60 фоизи 30-49 ёшда. Коронавирусга чалинган фуқаролар Тошкент, Фарғона, Андижон, Наманган, Бухоро, Қашқадарё, Хоразм, Навоий вилоятлари ва Қорақалпоғистонда даволанмоқдалар. Инфекция юқтирганлардан иккитаси вафот этган, 30 таси соғайиб кетган, 30 нафар одамда пневмония касаллиги аниқланган. Тўққиста одам оғир аҳволда ётибди, шунингдек икки нафар инсон ўта оғир ҳолатда. Ўзбекистонда 16 мартдан карантин эълон қилинган. Одамларнинг ҳимоя ниқобларини тақиб юриши мажбурий этилди, 6 апрелдан эса бутун мамлакат ҳудудида «ўзини яккалаш» тартиби жорий этилди.