Нью-Йоркда икки ўзбек коронавирус инфекциясидан вафот этди

Бруклин госпиталида CNN телеканали лавҳаси

Ўтган ҳафтада Нью-Йоркнинг Бруклин районида истиқомат қилувчи икки ўзбекистонлик — бир аёл ва бир эркак COVID-19 коронавирус инфекциясидан вафот этди, дея хабар беради “Америка Овози”.

Бруклин касалхонасида 3 апрель куни вафот этган 60 ёшли марҳума аёл 9 йилдан буён АҚШда доимий яшаб келган. Қарияларга хизмат кўрсатиш тизимида ишлаган марҳума анча йиллар давомида қанд касаллигидан азият чекиб келган. Икки ҳафта олдин тоби қочиб касалхонага тушган, уйда изоляция шароитида даволаниш тавсияси билан жавоб берилган, аммо бир ҳафта ўтиб оғирлашган ва яна касалхонага олиб кетилган.

Марҳуманинг яқинлари ҳозирда майитни диний талабларга мувофиқ дафн этиш учун касалхона билан музокара олиб бормоқда. Бу ишда уларга маҳаллий масжидлардан бири ва оиланинг дўстлари ёрдамлашмоқда.

Икки ҳафта олдин у тоби қочиб касалхонага тушган, уйда изоляция шароитида бўлиш тавсияси билан жавоб берилган, аммо бир ҳафта ўтиб оғирлашган ва яна касалхонага олиб кетилган.

АҚШда етти йилдан буён ўз оиласи билан доимий яшаб келган 51 ёшли эркак ҳам қанд касаллигидан қийналиб юрган. Март ойининг ўрталарида ўпкаси қаттиқ шамоллаб, касалхонага тушган. Пневмония унинг аҳволини янада оғирлаштирган.

Марҳумни коронавирусдан жон берганлар бўйича қоидалар асосида Нью-Жерси штатида дафн этишган. Маросимда кам одам қатнашган, жаноза ўқилган, лекин бошқа удум ва анъаналар бажарилмай қолиб кетди. Тобут очилмай қабрга қўйилди.

Нью-Йоркдаги ўзбеклар диаспораси ўртасида SARS-CоV-2 инфекциясини юқтирганларнинг сони, нашр маълумотига кўра ўнтадан ошган, уларнинг энг ёши 29-30 ёшда, касалланган беморлар орасида аҳволи оғирлашганлар ҳам бор. Нью-Йоркда ва унинг чекка ҳудудларида 50 мингдан кам бўлмаган ўзбеклар яшайдилар.

Жон Ҳопкинс номидаги Америка университетининг маълумотига кўра, АҚШда коронавирусга чалинганларнинг сони 337 620 кишига етган, 8500 киши ўлган, тузалганлар сони 150 мингга яқин. Биргина Нью-Йоркнинг ўзида 3 мингдан зиёд одам ўлган. Дунё бўйича 1.3 миллиондан зиёд одам COVID-19 инфекциясига чалинган ва 69,5 минг киши вафот этган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ